ДРУЗЛАР

ДРУЗЛАР (араб, дуруз) — шиаликда вужудга келган фирқа (диний гуруҳ). Асосан Ливанда ва Сурияда яшайдилар. Уларнинг карашлари исмоилийлар қарашларига яқин. Фирқанинг пайдо бўлиши 10—11-а. ларда фотимийлар сулоласидан бўлган халифа Ҳаким номи б-н боғлиқ. Ҳаким умрининг охирида ўзини худо деб эълон қилган ва ўзига эътиқод қилишни талаб этган. У сирли равишда ўлгач, Ливан ва Антиливан тоғларида яшовчи халқлар унга худо деб эътиқод қила бошлаганлар. Друзлар номи халифа Ҳакимнинг тарғиботчиларидан бўлган Дарозий (1019 й. в. э.) исми билан боғлиқ. Друзлар ақидасига кўра, худо одам қиёфасига кириб, инсонлар ўртасида пайдо бўлиши мумкин (шунинг учун улар Ҳакимнинг қайтишига ишонадилар). Друзлар Қуръон мазмунини мажозий талқин қиладилар. Жоннинг кўчиб юриши тўғрисидаги тасаввур туфайли ўлимга бефарқ қарайдилар, ислом дини маросимларини бажаришни шарт деб ҳисобламайдилар. Диний байрамлардан фақат қурбон ҳайитини ва шиаларда мотам маросими ҳисобланган ашурони нишонлайдилар. Друзлар суннийлар томонидан таъқиб қилингани учун шиаларга хос бўлган тақийя талабларига амал қиладилар. Барча исмоилийлар каби Друзлар ҳам шариатни тан олмайдилар. Друзлар икки қисмга; «омий» («бехабар») ва «уққол» («билимдонлар», «хабардорлар»)га бўлинадилар. Друзларда масжидга бориш, намоз ўқиш одати йўқ. Уларнинг ибодатхоналари «халво» деб аталади. Бу ерда пайшанба кунлари фақат «уққол»ларгина тўпланадилар. Ўрта асрлардан бошлаб Друзлар ўзларининг меросий мулкларига ва ҳукмдор амирлар сулоласига эга бўлган. Ливанда друз амирлари ҳокимияти, айниқса, Фахриддин II Маон (1590—1633) ва Башир II Шихоб (1788/9 — 1840) даврларида жуда юксалган. Друзлар Сурия халқининг 1925—27 й. ларда французлар ҳукмронлигига ва 1958 й. да Исроилга қарши чиқишларида фаол иштирок этишган. Ҳоз. вактда Д. Ливан миллийватанпарварлар кучлари таркибида жамиятни қайта қуриш учун кураш олиб бормоқда.

Loading...