ДУБЛЯЖ (франц. doublage) , кинофильмлар дубляжи — фильмни бир тилдан иккинчи тилга таржима қилиб яратилган янги фонограмма. Диалоглар таржимаси мазмун жиҳатдан тўғри, фильм қаҳрамонларининг сўзлашувига — оғиз ҳаракатига мос бўлиши шарт. Таржимон ёки янги матн муаллифи, муҳаррир, реж., актёр, овоз оператори, монтажчи, матн жойлаштирувчидан иборат ижодий гуруҳ амалга оширади. Аввал таржимон Дубляж қилинадиган фильмни синчиклаб кўриб, ундаги монолог ва диалоглар кайси ва-зиятда, қандай ҳолатда талаффуз қилинишини, аниқ билиб олиши лозим. Таржимадан сўнг муҳаррир ҳар бир сўзни актёр талаффузига солиштириб таҳрир қилади. Диалог пайтида лаб ҳаракати айтилаётган сўзга мувофиқ бўлиши лозим. Реж. фильм қаҳрамонлари овозига мослаб актёр танлайди. Ниҳоят актёр овозига турли шовқинлар (автомобиль, самолёт, шамол, денгиз тўлқини, ҳайвонлар овози ва б.) қўшиб ёзилади. Мусиқа ва табиий товушлар, одатда, фильмнинг аслидан олинади, баъзан янги вариант ҳам тайёрланади. «Ўзбекфильм»да ҳар йили 70—80 фильм Дубляж қилинади. Р. Аҳмедова, О. Юнусов, Т. Тожиев, О. Бакирова, Д. Исмоилова, М. Раҳимова, Ё. Аҳмедов, А. Рафиқов ва б. Д. санъ-атига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Моҳина Аширова.