ДУДУҚЛАНИШ

ДУДУҚЛАНИШ — тутилиб гапириш; нутқ маромининг бузилиши, ҳарф ва бўғинларни тутилиб-тутилиб ёки бир неча марта қайтариб талаффуз қилиш. Кўпроқ болаларда учрайди. Туғма ирсий омиллар (алкоголизм, гиёҳвандлик), кўпинча қўрқиш, ҳаяжонланиш (камдан-кам ҳолларда таклид қилиш), ҳомиладорлик давридаги турли зарарли иллатларнинг ҳомила жисмига таъсири, баъзан гўдакликда энди нутқ шаклланаётганда руҳий касалликлар билан оғриш, бош мия шикастлари ва б. касалликлар сабаб бўлади. Айрим ҳолларда дудуқ боланинг беихтиёр қўл, оёқлари қимирлаб, юз мускуллари учиб туради. Дудуқлар уялганда, ҳаяжонланганда кўпроқ тутилиб қолади. Ўз вақ-тида тўғри даво қилинмаса, бола мактабга борганида Дудуқланиш янада кучаяди, айниқса, ўсмирлар Дудуқланишдан уялиб, кам гапиришга, ўз фикрларини бош ва қўл ҳаракати билан тушунтиришга интилишади. Дудуқланиш ёш улғайган сари камайиб боради, баъзан Дудуқланиш умрбод сақланиб қолади (яна қ. Логопедия).