ДУККАКДОШЛАР

ДУККАКДОШЛАР, дуккаклилар (Fabaceae, Leguminoasae) — икки паллали ўсимликлар оиласи (кўп йиллик ва бир йиллик ўтлар, чала буталар, буталар, лианалар ва дарахтлар), 500 дан ортиқтуркум, 12000 турни ўз ичига олади. Ер юзининг ҳамма ўлкаларида кенг тарқалган. Айрим систематикаларда Дуккакдошлар 3 кенжа оилага — мимозадошлар (Mimosaceae), цезалпиндошлар (Caesalpiniaceae) ва капалакгулдошлар (Papilionaceae ёки Fabaceae) ажратилган. Кўп турлари деҳқончилиқда етиштирилади. Барглари мураккаб, пат шаклли (жуфт ёки тоқ), 3 бўлакли ёки панжасимон. Барглари асосида турли шакл ва катталикда ён баргчалари бор. Меваси бир уяли, битта мевабаргдан ташкил топган дуккак. Якка ёки тўпгулга йиғилган. Гулқўрғони 4—5 бўлакли, косача ва гултожга бўлинади. Гултожи эгри-бугри, 5 тож-баргдан иборат: 1 йирик (елкан), 2 ўртача (эшкак) ва 2 кичикроқ кемача ҳосил қилади. Чангчиси 10 та, баъзан 9—5 та, одатда, 9 таси иплар билан бириккан бўлиб, биттаси эркин бўлади. Уруғчиси битта, усти тугунчали.

Дуккакдошларнинг барча турлари ўсимликни азот билан таъминловчи азот тўпловчи мик-роорганизмлар билан симбиоз ҳолатда яшайди. Шунингучун ҳам дуккакли дон экинлари бошқа экинлар учун энг яхши ўтмишдош ҳисобланади. Дуккакдошлар қимматбаҳр озиқ-овқат, техника, озуқабоп ҳамда манзарали ўсимликлардир. Дуккакли дон экинлари халқ хўжалиги учун катта аҳамиятга эга, дони оқсил (мас, нўхат, соя, ясмиқ ва ҳ. к.), крахмал ва мойга бой (соя, ерёнғоқ ва б.). Суғорма деҳқончиликда Дуккакдошларда энг қимматлилари кўп йиллик ва бир йиллик экинлар ҳисобланади. Mac, беда ғўза-беда алмашиб экишнинг асосий экини. Айрим турларининг пўсти ҳамда ёғочлик қисмида қимматли техник моддалар — гумми, бальзам, смолалар бор. Дуккакдошлардан дрок (сариқ гулли дуккакли чўл ўсимлиги), индиго ва б. дан бўёқлар олинади. Айрим Дуккакдошлар — акация, кўк нўхат, печакгул, бўридуккак манзарали, баъзилари эса — ширинмия ёки қизилмия, термопсис, сано, кассия ва б. доривор ўсимликлардир. Дуккакдошларнинг кўпчилик турлари заҳарли, ўзида ҳар хил алкалоидлар ҳамда гликозидлар тўплайди.

Ад.: Саҳобиддинов С. С, Ўсимликлар систематикаси. Т., 1969,Ҳамидов А., Набиев М., Одилов Т., Ўзбекистон ўсимликлари аниқяагичи, Т., 1987.

Қўзибой Душамов.

Loading...