ДУНГАНЛАР

ДУНГАНЛАР (ўзларини лаохуэйхуэй ёки чжуньюаньжин деб атайдилар) — Марказий Осиёда яшайдиган халқ. Умумий сони 70 минг киши атрофида (1990-й. лар ўрталари). Қозоғистон, Қирғизистон, қисман Ўзбекистонда яшайди. Дунган тилида гаплашади. Д. Хитойдаги хуэй халқи билан этногенетик жиҳатдан бирдир. Дунганлар рус графикасига асосланган ўз ёзувига эга. Исломнинг сунна ва шиа мазҳабларига эътиқод қилишади. Дунганлар аждодларининг келиб чиқиши фанда ҳали узил-кесил ҳал қилинган эмас. Баъзи олимлар Дунганлар араблар билан аралашган хитойлар, баъзилар эса Хитойга келиб ўрнашиб қолган форс, турк қабилалари деб ҳисоблайди. «Дунган» номи Синьцзянь вилоятида 18-а. да пайдо бўлиб, Хитойнинг ички вилоятларидан кўчиб келиб, ўтроклашиб қолган ҳарбий хизматчилар, савдогарлар, хунармандлар ва б. ни ифодалаган (баъзан «Дунган»нинг этимологиясини тун гань — ҳаммаси Гань-судан» ёки двун янжинь — «Хитойда яшовчилар» деб талқин этадилар). Хитойнинг Ганьсу, Шэньси, Ланьжоу ва б. вилоятларида яшаганлар. 1861—78 й. ларда Хитойнинг шим.-ғарбида Цинь сулоласи зулмига қарши деҳқонлар қўзғолони бўлиб ўтди. Қўзғолонда Дунганлар ва б. халқларнинг камбағал табақаси асосий куч эди (қ. Тайпин қўзғолони). Қўзғолон енгилди, натижада 1877—78, 1881—84 й. ларда Дунганлар тўда-тўда бўлиб Қозоғистон ва Қирғизистон ерларига қочиб ўта бошлади ва шу ерларда ўрнашиб қолди. 20-а. бошларида Дунганлар халқ бўлиб шаклланди, тили, маданияти, адабиёти ва ўз матбуотига эга бўлди. Дунганлар асосан, деққончилик (буғдой, шоли, жўхори, қанд лавлаги, тамаки ва б.), боғдорчилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади.

Дунганлар

Дунганлар Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудига Хитойнинг шимоли-ғарбий провинсияларидан 1862 – 1877 йилларда бўлиб ўтган Цин сулоласи зулмига қарши қўзғолон енгилганидан сўнг кўчиб келган. Биринчи босқичда Ганьсу ва Шеньси провинсияларидан қочоқларнинг уч гуруҳи бу ерга келган. Биринчи  гуруҳ (ганьсуликлар) 1877-йилнинг ноябрида ҳозирги Пржевалск шаҳри яқинига келиб ўрнашган; иккинчи гуруҳ (шеньсиликлар) 1877-йилнинг декабрида қисман Тўқмоқ шаҳрида, қисман Инпан (Масанчи) қишлоғида жойлашган; учинчи гуруҳ (Ганьсуликлар) 1877-йилнинг декабрида Ўш шаҳри яқинига келиб жойлашган. Иккинчи босқичдаги Хитойдан Или ўлкаси (Синьцзянь) да яшовчи дунганлар кўчиб келганлар ва асосан ҳозирги Бишкек яқинига келиб жойлашганлар. Кейинги даврда сон жиҳатидан катта-кичик гуруҳларнинг минтақа доирасида бир жойдан бошқа жойга кўчиши анча фаол юз берган. Хусусан, Ўшлик дунганларнинг бир қисми 1883-йилда Тароз шаҳри яқинига келиб ўрнашган. Яна бир қисми айрим оилалар ёки гуруҳлар тарзида Андижон шаҳрида, кейинроқ эса Фарғона водийсининг бошқа шаҳарларида жойлашган. Уларнинг орасида Тошкент шаҳрига ҳам келиб ўрнашганлар ҳам бўлган. Бу даврда Андижон шаҳрида ва Фарғона водийсининг бошқа ҳудудларида шу жумладан Ўш вилоятида жами 343 дунган яшаган. Бундан ташқари, ХIХ аср охири – ХХ аср  бошларида Тошкентга Тўқмоқ, Бишкек(Пишпак) (Қирғизистон), Алмати(Верний), Тараз (Авлиёота) (Қозоғистон) ва бошқа жойлардан дунганлик  савдогарлар келиб ўрнашган.  Еттисувнинг турли ҳудудларидан оз сонли дунганларнинг Тошкент  ҳудудига  кўчиб келиш  жараёни 1917-йилгача давом этган, бу даврга қадар  шаҳарда бир неча ўн дунганлар яшаган. 1926-йилда, З.П. Амитин-Шапиро  ва  И.М. Юабов  берган маълумотларга кўра улрнинг сони 142 киши (шу жумладан, 89 эркак ва 49 аёл)га етган. 1930- йилларда дунганларнинг асосий қисми-асосан шеньсилик қочоқларнинг авлоди ва ганьсулик қочоқларнинг авлодларидан  иборат бир нечта ила Тошкент вилоятига  кўчиб  келган  ва бу ерда 1935-1936 йилларда “Лунмин Гунхо”  ва “Стаханов  шоликорлари”  миллий жамоа  хўжаликлари (колхозлар) ташкил этганлар.

1933-йилда СССР ва Хитой ўртасида чегарадан ўтиш тартиби кучайтирилганлиги туфайли Ўзбекистонда Хитойга қайтмаган савдогар  дунганларнинг оз  сонли қисмигина доимий  яшаб қолган. Кейинчалик улар  ўз  фарзандлари  билан бирга дунганлар  жамоасининг энг  ўқимишли  қисмини  ташкил  этганлар.

1950 йиллар оҳири ва 1960 йиллар бошида Ўзбекистонда ХХРдан кўчманчлиларнинг  яна бир тўлқини кириб келди. Халқ  орасида улар “Ба хо”- “саккизинчи сон” (Хитойнинг саккизинчи Халқ Озодлик Армияси  номидан) деган ном олади. Кейинги 10  ва 15  йил  мобайнида мазкур  дунганларнинг бир қисми Қирғизистон  ва Қозоғистонга кўчиб кетади.  Ҳозирда уларнинг авлодлари Тошкент  шаҳри ва вилоятида  яшовчи дунганларнинг 10% га яқинини ташкил қилади.  Уларнинг орасида бир неча  ўн нафари келиб чиқишига кўра саларлардир. Бугунги кунга  келиб улар  дунганлар  билан деярли  тўлиқ  чатишиб кетганлар ва ўзларини  дунган деб ҳисоблайдилар. Шуни қайд  этиш  лозимки, саларлар, шунингдек, дуншён ва баоанларнинг дунганлар  билан чатишуви  вербал даражада Хитойда  ҳам  юз  бераётир.

1979-йилдан 1989-йилгача  бўлган даврда Ўзбекистонда дунганлар  сони  1106 кишидан  1353 кишига, яъни 22% га кўпайган. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейинги даврда  дунганлар сони  ҳам аҳолининг табиий кўпайиши,  ҳам Қозоғистон, Қирғизистон ва ХХРдан Ўзбекистонга бир неча ўн киши  кўчиб келиши  ҳисобига ўсишда давом этади. Ҳозирги вақтда, тахминий маълумотларга  кўра, Ўзбекистонда  уч мингдан ортиқ  дунган яшайди.

Дунганлар  асосан, (80% гача) хитой  тилининг шеньси шевасида сўзлашади. Иккала тилда ҳам сўзлашувчилар бир-бирларини  тушунишадилар.

Дунганлар  ислом  динининг  ҳанафийлик  мазҳабига  эътиқод қиладилар  ва суннийлар  жамоасига кирадилар. Шеньсилик  дунганлар  икки  диний  гурухга  бўлинадилар. “Яхши” ва “ёмон” деб аталадиган бу гурухлар асосан  дафн маросими ва маъракалар  билан боғлиқ бўлган  ўз  одатларига кўра  фарқ қиладилар.

Дунганлар орасида қодирия ва жаҳрия  тариқатларининг вакиллари ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги ганьсуликлар ва ўтган асрнинг 50-60- йилларида келган кўчманчилардир, бироқ  буни  фақат қариялар эслайдилар.

Умуман олганда, Ўзбекистонлик  дунганларга диний ҳамжиҳатлик хос. Уларнинг ўртасида турли диний мазҳабларга мансублик асосида низолар  ва жанжаллар деярли йўқ. Ҳозирги  вақтда Ўзбекистонда жами 16 конфессия мавжуд. Дунганлар ислом динига эътиқод қилувчи бошқа миллатларнинг вакиллари қатори масжидларга эркин қатнаш имкониятига эгалар.

Дунган халқининг келиб чиқиши тўғрисида олимлар ўртасида ягона фикр мавжуд эмас. “… ХХРдаги “тунгони” (дунган) деб номланган миллатнинг шаклланишида ўзбекистонликларнинг ҳиссаси ҳам борлигини аниқ мисоллар билан кўрсатиб берди[1]”. Қадим замонлардан бери Хитой ва Марказий Осиё муносабатлари яхши ўрнатилган бўлиб, Шарқий Туркистон орқали хитой маданиятига катта таъсир кўрсатган бошқа халқларнинг илми ва санъати, шу билан бирга буддизм ва ислом киирб борди. Ўзаро алоқалар ва исломнинг Хитой ҳудудига кириб бориши натижасида у ерда янги дунган миллати шаклланди. Уларнинг шаклланишида шу билан бирга ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан Хитойга кўчиб ўтган муҳожирларнинг ҳам катта таъсири бўлган[2].

Дунганлар ва уларнинг тарихи борасида кўплаб тортишувлар бўлиб, улардан бири, “дунганлар бу ҳудудга кўчиб келганми ёки улар бу ернинг ўтроқ аҳолиси бўлиб, ислом динини қабул қилганми?” деган масладир. Бу маслага ойдинлик киритишда хитойшунослик тадқиқотлари билан машхур А. Хўжаевнинг Хитойнинг асосан дунган (хуэй) лар яшайдиган провинцияларида қадимдан хитой манбаларида ғарбий ривемлар (西 戎 – ғарбий отлиқлар) деб аталувчи илктурклар яъни, бугунги туркий халқларнинг авлодлари яшаганлигини таъкидлайди[3]. “… тиек-ривемлар (илктурклар) жуда катта маконларни ташлаб, шимол ва ғарбга сурилиб кетишга мажбур бўлди. Ўз эски юртларида туриб қолган тиек-ривем  қавмларининг бир бўлаги шимолга кетганлар (ҳунлар) билан қўшни  яшаганлиги  ва ўзларини  туркий  деб  ҳисоблаганидан  бўлса  керак,  хитой аҳолисига  мансуб  хонлардан  тубдан  фарқ  қилган,  лекин  минг йиллар  жараёнида хитой халқлари билан (кейинчалик ўзларини ханзу деб атаганлар билан) яшаганликларидан уларнинг қиёфаси, тиллари ва баъзи бир урф-одатларини  ўзлаштирган.  Шунга қарамасдан, уларнинг асосий бир бўлаги  минг  йиллар жараёнида  ханлар  (хитойлар)  билан  қўшила  олмослиги оқибатида ислом динини қабул этиб, дунган (хуэй) ва шу каби майда  миллатлар  шаклланишида  энг  муҳим  омиллардан бири бўлганлиги маълум”[4].

Дунганшунослар эса дунган-хуейнинг  шаклланишида асосий қатлам Шимоли-ғарбий Хитойнинг маҳаллий халқлари бўлганини, ушбу жараёнда турли туркий, эроний, арабий, унсурлар  иштирок этганини, дунган халқининг шаклланишида хитой тили  ва ислом дини ҳал қилувчи  рол ўйнаганини қайд этадилар.

ХХР Нинся-Хуэй Автоном ҳудудининг маркази – Инчуан шаҳрида хитойлик энг машҳур дунганларга 10 ҳайкал қурилган. Уларнинг орасида 4 нафари  бухоролик ва самарқандлик, шулардан 3таси ҳайкалда марказий осиёликлар чопони ва салласида тасвирланган. Тўртинчи машҳур зот – келиб чиқиши бухоролик бўлган адмирал Чжен Хе ХV асрнинг биринчи чорагида, император Юнле ҳукмронлик қилган даврда Ҳиндистон, Арабистон, шарқий ва жануби-шарқий Африка қирғоқларига етти марта денгиз орқали саёҳат қилгани билан танилган.

2008 йил 13 мартда Тошкентда дунганлар Марказий Осиёга кўчиб келганларининг 130 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференсияда тарихчи Ахат Ходжаев ўз маърузасида дунганлар бу ерга кўчиб келганлари йўқ, балки қайтиб келдилар, деб таъкидлади. Ҳар қалай, антропологик параметрлар ва баъзи бир бошқа маълумотлар ҳам дунганларнинг келиб чиқиши Маказий Осиё билан боғлиқ эканлигини тасдиқлайди. Хитойнинг юқорида зикр этилган митақаларида ислом динини айнан дунганлар тарқатганини ҳисобга олиб, дунган халқининг шаклланишида Хитой компонентидан сўнг айнан, марказий осиёликлар етакчи рол ўйнаганлар деб айтиш мумкин.

Дунганлар этногенезининг Хитой компонентига келсак, унинг роли Хитойнинг турли минтақаларида 50% дан 70-80% гача етади. Л.В. Василев тадқиқотларига қараганда, Хитой компонентининг фоизи катта бўлган минтақалар орасида Шеньси провинсиясининг жанубий ҳудудлари ҳам бор. Бу ерда олим маълумотларига кўра ХIХ асрнинг бошидан 1860-йилларгача дунганлар сони 50-60 минг кишидан бир миллион кишига етган ва ундан ошган, бунда дунганларнинг бошқа жойлардан кўп миқдорда кўчиб келиши ҳоллари бу ерда кузатилмаган. Буни икки сабаби кўрсатилади.

Англия билан навбатдаги афюн урушларида мағлубиятга учраган Хитойда бангилар  сони янада кўпаяди. Афюнга ружу қўйган одамлар ўз ишларини ташлаб қўядилар, касодга учрайдилар, мол-мулки, болалари, хотинларини сотишга мажбур бўладилар, ҳаётдан эрта кўз юмадилар, шу жумладан, ўз жонларига қасд қиладилар. Бу даврда бангилик  дунган миллатига мансуб аҳоли ўртасида ҳам тарқалган, бироқ унинг кўлами бошқаларникидан торроқ эди. Бунда гиёҳвандлик воситалари истеъмол ислом динида тақиқлангани, шунингдек, диний арбоблар – оҳунларнинг ваъзлари ўз ролини ўйнайди. Улар афюннинг тарқалишига қарши курашадилар ва шу тариқа кўплаб кишиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва оиласини сақлаб қоладилар.

Айни шу сабабли Хитойда яшовчи бошқа миллат вакиллари ҳам, шу жумладан, бутун оилалари билан бирга, ислом динини қабул қиладилар ва дунганларга айланадилар.

Дунганларда уларнинг илк  аждодлари араблар бўлганлиги ҳақидаги  ривоят мавжудлигига қарамай, аслида уларнинг этногенезида Марказий Осиё (асосан Мовароуннаҳр, яъни ҳозирги Ўзбекистон) ва Хитой компонентлари етакчилик қилади.

Ўзбекистон дунганларининг она тили ҳақида гапирганда, биз улар асосан, хитой тилининг шеньси шевасида сўзлашишларини қайд этиб ўтдик (ганьсулик дунганлар ўзбек тилини ўзлаштиради ва натижада ўз тилини унутади. Шу сабабли, сақланиб қолган дунган тили шеньси шеваси бўлиб қолди). Аслида дунган тили сино-тибет оиласига мансуб бўлиб, бу тил таркибида туркий, араб, форс тилларидан ўзлаштирилган сўзлар кўп. Ёзув ва кирил алифбо асосида бу тил шўро даврида ҳам ўрганилмаган. Чунки, дунган адабий тили хитой тилининг ганьсу шевасига асосланган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Тошкентда ташкил этилган Дунган маданий маркази ходимлари олдида дунган маданияти, шу жумладан, тилини сақлаб қолиш ва ривожлантириш мақасадида  ганьсу шевасини ўрганиш керакми ёки  путунхуаними, деган савол тиғилади. Марказ путунхуа тилини ўрганишни маъқул  кўради. Зеро, кирил алифбосига асосланган ганьсу шевасини ўрганиш дунганларнинг имкониятларини уч давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегаралашни англатади, путунхуа тилини ўрганиш эса хитой тилининг барча ташувчилари билан мулоқат қилиш учун имконият яратди. Боз устига, бундай амалиёт ва тажриба мавжуд. Бошқа мамлакатларда (МДҲ дан ташқари) яшовчи хитойликларнинг барчаси, шу жумладан, дунганлар ҳам айнан путунхуа тилини ўрганадилар. Уни ўрганиш нафақат шеньси шеваси (дунган тили) йўқолишига олиб келмайди, балки аксинча, унинг янада бойишига кўмаклашади. Сўнгги йилларда путунхуа тилини ўзлаштирган дунганлар дунган тилида ҳам сезиларли даражада яхшироқ сўзлаша бошладилар.

Дунганларнинг маданий ўзига хослигини сақлаб қолиш ва ривожлантириш Дунган маданий марказ ходимларининг доимий диққат марказида, чунки Ўзбекистонлик дунганларда ўз она тилида сўзлашиш ва фикрлашишни давом эттириш нияти кучли. Бу борада ишлаш жараёнида мазкур марказ сўнгги йилларда ХХРнинг Ўзбекистондаги элчионаси орқали 15 нафар йигит-қиз Хитойга тил ўрганиш учун юборилишига кўмаклашди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда узоқ йиллар мобайнида яшаш жараёнида дунганлар ўз анъанавий маданияти мажмуини сезиларли даражада сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бунда, биринчидан, улар бу ерда компакт холда яшашлари ўз маданиятини сақлаб қолишга интилишлари ижобий рол ўйнади. Иккинчидан, мустақил Ўзбекистонда миллий-маданий  ранг-баранглик мамалакат бойлиги сифатида эътироф этгани ва уни ҳар томонлама ривожлантириш давлат миллий сиёсатиниг энг муҳим таркибий элементларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон мустақилликка эришиши, ўз миллатдошлари билан ва ўз миллий маданий маркази орқали ХХРнинг Ўзбекистондаги  расмий ваколатхоналари, шу жумладан, Хитой элчихонаси билан алоқа қилиш имкониятлари янада кенгайиши билан дунганларда ўз тарихи, маданияти ва тилига бўлган қизиқиши  янада кучайди. Уларнинг келажаги нуқтаи-назаридан бу улкан аҳамият касб этади ва дунганлар этнос сифатида бундан буён  ҳам самарали ривожланишлари, ўз миллий маданияти билан Ўзбекистоннинг кўп миллатли маданияти билан бойитишларига умид уйғотади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дунганлар бу икки мамлакат ўтасида дўстлик кўприги вазифасини бажармоқда.

[1] Каримова С. Тарих фанлари доктори А. Хўжаев тўғрисида // Абдул-Аҳад Хўжаев 70 ёшга тўлиши муносабати билан. Тузувчи: Г. Джумаева. – Тошкент, – 2012. – Б. – 8.

[2] Ходжаев А. Китайский фактор в Центральной Азии (история и современность). – Тошкент, – Фан. – 2007. – Б. – 5.

[3] Хўжаев А. Марказий Осиё тарихи Хитой манбаларида (Қадимий ҳамда илк ўрта аср ёзма ёдгорликларидан таржималар ва тадқиқотлар). – Тошкент, – 2016. – Б. – 283.  (432 б)

[4] Хўжаев А. Марказий Осиё тарихи Хитой манбаларида (Қадимий ҳамда илк ўрта аср ёзма ёдгорликларидан таржималар ва тадқиқотлар). – Тошкент, – 2016. – Б. – 406.  (432 б).

Манба:

Ортиқов Ёсин Абдулбоқиевич

ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти (2020 йил)

yosinortiqov@gmail.com