ДУТОР (форс — икки тор) — 1) торли чертма миллий мусиқа чолғуси. Ўзбек, тожик, уйғур, туркман, қорақалпоқ халқлари орасида кенг тарқалган. Ўзбек Дутори мулойим, нафис ва ши-рали овози б-н бошқа чолғулардан аж-ралиб туради. У асосан тут, ўрик ёғочларидан ясалади. Чолғунинг косахонаси (резонатори) 8—12 та юпқа, бир-бирига ёнмаён ёпиштирилган тахтача (қовурға)дан ишланади. Косахонанинг устки, очиқ қисмига юпқа қопқоқ ёпилади ва косахона бўғиз орқали дастага уланади. Дуторнинг узун ва ингичка дастасига 13—17 та парда боғланади. Косахона ва дастага суяк ва садафдан ишланган безак нақшлар ўйиб ёпиштирилади. Торлари ипак ипларидан эшилади. Улар Танавор сози (кварта), Муножот сози (квинта), Қўштор сози (унисон)га созланади. Уйғурларда Дутор каттароқ шаклда, Туркманистонда факат ўйма (қазма) тури, Хоразм ва Қорақалпоғистонда косахонаси қовурғалик Дуторлар билан бирга ҳажми кичик, ўйма хиллари ҳам учрайди. Дутор якканавоз ва жўрнавоз чолғу сози бўлиб, созандадан катта ижро маҳоратини талаб этади. Дуторда якка зарб, қўшзарб, билак зарб, бидратма, тескари зарб каби ижро усуллари мавжуд. Дутор ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотларни Навоийнинг замондоши Зайнулобидин ал-Ҳусайний «Мусиқанинг илмий ва амалий қоидалари» номли рисоласи (16-боби)да учратамиз. 16—17-а. ларда «Дуторий» та халлуси билан ижод этган (ҳиротлик Юсуф Мавдудий Дуторий, машҳадлик Мирқулий Дуторий каби) созандаларнинг номлари манбаларда сақланган. Ҳозирда миллий Дутор ижрочилигининг ўзига хос услублари 4 та асосий (Андижон, Тошкент, Самарқанд ва Хоразм) мактаблари орқали намоён бўлади. 20-а. да Андижон мактаби намояндаларидан Дорип дуторчи, М. Нажмиддинов, О. Рустамов, К. Жабборов, Фарғонада Қўзихон Мадраҳимов ижросида «Нолиш», «Чўпон», «Андижон Курди», «Андижон Сайқали», «Туя бўзлоқ», «Қўштор»; Тошкент мактаби йирик вакилларидан Солихон Ҳожи, А. Ваҳобов, Ф. Содиқов, М. Юнусов, Т. Алиматов, 3. Обидов, С. Йўлдошевлар талқинида «Шароб 1, 2», «Шафоат 1, 2, 3», Тошкент Сайқали», «Тошкент Курди», «Ражабий 1, 2», «Кураш», «Дутор Баёти», «Дутор Навоси»; Самарқанд мактаби устозларидан Ҳожи Абдулазиз, Қори Сирож Юсуповлар ижросида «Гулузорим», «Бебокча», «Бозургоний», «Гуллар водийси»; Хоразм мактаби вакилларидан Н. Болтаев, Ю. Жабборовлар ижросида «Корадали», «Алиқамбар», «Сақили Наво» сингари мумтоз куйларда ўз ифодасини топган. 1970-й. лардан якка Дуторда Шашмақом чолғу ва ашула йўллари ҳам ижро этила бошланди. Ўзбек бастакорларидан Н. Ҳасанов «Гилос», Ф. Содиқов «Дуторим», С. Йўлдошев «Дил куйласин», 3. Обидов «Тоғ гўзали», О. Қосимов «Янгра созим» каби асарларни Дутор учун яратганлар;
2) дутор-альт — анъанавий Дуторни 1930-й. ларда қайта ишлаш натижасида пайдо бўлган тури. Торлари капрон (ёки бошқа полимер иплари)дан ишланади. Дастасига хроматик тартибда жойлашган ёғоч ёки суяк пардалари елимлаб ёпиштирилади. Репертуаридан асосан ўзбек компо-зиторлари томонидан қайта ишланган (гармонизациялашган) халқ куйлари, фортепиано жўрлигида ижро этилаётган асарлар ўрин олган. Мазкур Дутор асосида (Ўзбек халқ чолғулари оркестрига мослаб) турли ҳажмдаги Дутор хиллари (Д. — бас, Дутор — контрабас) ишланди.
Жасур Расултоев, Абдураҳим Ҳамидов.