ДВОРЯНЛАР

ДВОРЯНЛАР, дворянлик — ўрта аср жамиятида имтиёзлари меросий бўлиб қонун билан мустаҳкамланган олий табақалардан бири (руҳонийлар билан бирга). Хусусий ер эгалиги — Д. нинг иқтисодий ва сиёсий таъсирининг асосини ташкил этган. Ғарбий Европада Дворянлар қад. аристократлар авлодидан, қирол саройидаги мансабдор шахслар, рицарлардан шакллана борган ва абсолютизм (мутлақ ҳокимиятлик) даврида вужудга келган. Дворянлар олий ва қуйи табақага бўлинган, бу эса уларнинг унвонида ўз ифодасини топган (Англияда барон ва рицарлар, Испанияда грандлар ва идальголар, Польшада магнатлар ва шляхталар ва б.) Ғарбий Европа мамлакатларида табақавий жамият тугатилгандан сўнг Дворянлар ўзининг кўпгина имтиёзлари ва сиёсий таъсирини саклаб қолган. Россияда 12—13-а. ларда ҳарбий-хизматчилар табақасининг энг қуйи қисми сифатида вужудга келган. 14-а. дан Дворянлар хизматлари эвазига ер олишган (қ. Помешчиклар). Петр I даврида Дворянларнинг шаклланиш жараёни ниҳоясига етган. Дворянларнинг сафига давлат хизматидаги мансаб поғонасидан кўтарилишига қараб, бошқа табақа вакиллари ҳам келиб қўшилган. 1762 й. да Д. Петр I томонидан жорий этилган мажбурий ҳарбий ва фуқаролик давлат хизматларидан озод бўлишга эришишган; Д. жисмоний жазога тортилмаган, ёлланма ҳарбий хизмат мажбурияти ва шахсий солиқлардан озод этилган. Екатерина II томонидан берилган иноятнома (1785) (рус Дворянлар ининг эркин ва усту-ворликлари) Дворянларнинг шахсий имтиёзларига кенг йўл очиб берган, дворян ўз-ўзини бошқарув тизимини жорий этган. Дворянлар табақа сифатида Окт. тўнтаришидан сўнг тугатилган.