ЭЧКИ

ЭЧКИқувушшохлилар оиласига мансуб жуфт туёқли кавш қайтарувчи ҳайвон. Эчки турли иқлимшароитга тез мослаша олиши туфайли дунёнинг кўплаб мамлакатларида учратиш мумкин. Хонаки Эчкилар ёввойи безоар ва бурама шохли эчкилардан тарқалган деб ҳисобланади. Эчки дастлаб хонакилаштирилган маҳсулдор ҳайвонлар жумласига киради. Анов (Ашхобод яқини)да топилган қазилмалар Э. Ўрта Осиёда мил. дан бир неча минг йил аввал боқилганини кўрсатади. Эчки, асосан, сут, гўшт, жун, тивит, тери ва бошқалар учун боқилади. Ўртача 9—10 йил (баъзилари 17 йилгача) яшайди, хўжаликда 7—8 йил фойдаланилади. Улоқлари 5—8 ойлигида жинсий етилади, 14—18 ойлигида қочирилади. Бўғозлик даври 5 ойга яқин. Хонаки зотларининг кўпи серпушт: ҳар 100 бош урғочи эчкидан 150—250 улоқ олинади. Яхши озуқа шароитида асраб боқилганда йилига 2 марта болалайди. Такаларининг тирик вазни 60—65 кг дан 100 кг гача, урғочилариники 40—60 кг. Олинадиган маҳсулотга қараб тивит, жун, гўшт, сут, тери, мўйна ва аралаш маҳсулотлар берадиган Эчки зотлари бор. Серсут зотларидан йилига ўртача 450—550 кг гача сут соғиб олинади. Сутининг ёғлилиги 3,8—4,5%. Сержун зотлар жуни уз. 15—18 см, такаларидан 4—6 кг, урғочиларидан 3—5 кг дан жун қирқиб олинади. Сертивит зотларидан 0,2—0,5 кг дан 2 кг гача тивит тараб олиш мумкин. Яхши боқилган катта ёшдаги Эчки 20—28 кг гўшт ва 4—6 кг ёғ, 7—10 ойлик Эчкилар эса 12 кг гўшт ва 1,5 кг ёғ беради. Эчки ўлат, чечак ва сил касалликларини юқтирмаслиги, оқсил ва енгил ўзлаштирилувчи ёғларга бой сут бериши билан эътиборли. Эчки сутида мис, рух, марганец, йод, кумуш ва бошқалар шу каби микроэлементлардан ташқари камқонликнинг олдини олишда муҳйм аҳамиятга эга бўлган кобальт моддаси нисбатан кўп учрайди. Ўзбекистонда жайдари (қора жунли) эчкилардан ташқари ангор эчкиси, заане эчки зоти, оренбург эчки зоти ва бошқалар боқилади. Ўрта Осиёда 20-асрнинг 30— 60-й. ларида маҳаллий дағал жунли эчкиларни ангор зоти такалари билан чатиштириб сержун эчки зоти чиқарилган (яна қ. Эчкичилик).

Loading...