ЭДИП

ЭДИП — юнон мифологиясида Фива шаҳрининг шоҳи. Аввалги шоҳ Лай ва унинг хотини Иокастанинг ўғли. Эдип туғилгандан кейин отасининг буйруғига биноан (отасига ўз ўғли томонидан ўлдирилиши башорат қилиб айтилгани учун) Киферон тоғига ташлаб келинади. Чўпонлар томонидан қутқариб қолинган Эдипни Коринф подшоси Полиб тарбиялайди. Вояга етган Э. Фивага йўл олади ва ўзи билмаган ҳолда отасини ўлдириб, Фива тахтини эгаллайди ҳамда онасига уйланади. Ўзининг мудҳиш жиноятини кейинчалик билган Эдип ўз кўзини ўяди ва содиқ қизи Антигона ҳамроҳлигида Фивадан чиқиб кетади. Афина чеккасидаги Колон деган жойда вафот этади. Дунё адабиётида, жумладан, Софоклнинг «Шоҳ Эдип», Вольтернинг «Эдип» асарларида Эдип образи ёрқин талқин этилган.

Loading...