ЭФФУЗИВ ТОҒ ЖИНСЛАРИ — ер юзасида ёки Ер пўсти қатламининг юқори қисмида лаванинг совиши мобайнида ҳосил бўлган магматик тоғ жинслари; уларнинг маълум бир қисми сув ости вулканлари отилиб чиққанда вужудга келади. Лаванинг тез қотишига сабаб бўлувчи таркибидаги вулкан шишасининг мавжудлиги, ўзига хос порфирли структурага эгалиги Эффузив тоғ жинсларининг характерли хусусиятларидандир. Эффузив тоғ жинсларининг таркиби кенг кўламда ўзгариб туради. Энг кўп тарқалганлари базальт, андезит ва улар оралиғидаги жинслар; камроқ учрайдиганлари дацит ва липаритлар бўлиб, ишқорли ва ультраасослилари янада камроқ учрайди. Асосий минераллари: плагиоклаз, К—№ дала шпати, ортопироксен, клинопироксен, амфибол, биотит ва кварц. Акцессор минераллари: ортит, ксенотим, циркон, апатит, ильменит ва магнетит. Э. т. ж. пайдо бўлиш шароитларига кўра, 3 йирик гуруҳга — пирокластик жинслар, лава жинслари ва экструзив жинсларга бўлинади. Эффузив тоғ жинслари Ойда ҳам топилган.
Эффузив тоғ жинслари интрузив тоғ жинсларининг акси ҳисобланади (қ. Магматик тоғ жинслари). Улар Ўзбекистонда кенг тарқалган бўлиб, токембрий ва палеозой ётқизиқларида учрайди. Эффузив тоғ жинслари билан бир қанча қазилма бойликлар конлари боғлиқ.