ЭФТАЛИЙЛАР

ЭФТАЛИЙЛАР, эфталитлар, эфталлар, хайталлар, абдаллар, йеда — Урта Осиёнинг шим. шарқидан Мовароуннаҳрнинг ички вилоятларига кириб, мил. 5-асрда давлат барпо этган қабила иттифоқи. Э. Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон ва Шарқий Туркистон тарихида муҳим роль ўйнаган. Эфталийларнинг илк аждодлари ҳунларлш бўлиши тахмин этилади. Мил. ав. 7-асрда Хитойнинг шим. ғарби (Хэси)да яшовчи малласоч, кўзи кўк ҳунларнинг бир қисми яшаб турган ерларини ташлаб, Помирнинг тоғли вилоятларига келиб яшайдилар. Кейинчалик улар маҳаллий аҳолига аралашиб, тилларини ҳам ўзгартиради. Ҳунларнинг бошқа бир гуруҳи Ҳунлар давлати емирилгач, Жунғорияга, Ила ҳавзаларига келиб ўрнашган ва бу ерда Юебань этник уюшмасини ташкил қилган. Юебандан эфтал этник номи билан аталган йирик бир гуруҳ ажралиб, 3-асрда Мовароуннаҳрга келиб ўрнашди. Эфталийларнинг яна бир гуруҳи ғарбга Каспий денгизининг шим. ҳудудларига бориб, кейинчалик бу ерлардаги бошқа туркий халкларга аралашиб кетади. Эфталийлар 4-асрнинг 2-ярмида кўпайиб, Мовароуннаҳрда яшовчи хионий, кидарий ва бошқалар халқларни тобе этиб, давлат барпо этади. 5-асрда улар Қанғ давлатини мағлубиятга учратади. Хуросоннинг талай қисмини эгаллайди. Хуросон ери учун Э. Эрон билан қаттиқ уруш олиб борган. 6-асрнинг охирларида Эфталийлар давлати инқирозга учрайди. Турк хоконлиги Мовароуннаҳрни эгаллайди. Эфталийларнинг жанговар қисми Афғонистон ва Ҳиндистоннинг шим. минтақаларига чекиниб, уларнинг кейинги авлодлари шу ерлардаги халқларга аралашиб, улар билан қоришиб кетади. Эфталийларнинг Марказий Осиёда қолган қисми кейинчалик ўзбек, туркман халқлари таркибига сингиб кетади. Туркманлар таркибида ва анатолиялик туркларнинг таркибида абдал номи билан Эфталийларнинг кейинги авлодлари сақланиб қолган. Эфталийлар оташпараст бўлганлиги маълум, лекин уларнинг орасида аста-секин буддизм ва христианликка эътиқод қила бошлаганлар сони ҳам орта бошлаган.

Ад:. Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001.

Очил Бўриев.

Loading...