ЭГА

ЭГА — гапнинг бош бўлакларидан бири; гапни ташкил этишда муҳим роль ўйнайди. Эга фикрнинг кимга, нимага қарашли эканлигини англатади, шу жиҳатдан кесим билан ўзаро яқин боғланган. Эга, одатда, кесим орқали, кесим эса Эга орқали, бир-бирига нисбат бериш билан белгиланади. Грамматик жиҳатдан Эга бошқа бўлакларга нисбатан ҳоким вазиятни эгаллайди (баъзи илмий адабиётларда мутлақ ҳоким сифатида гапнинг кесими кўрсатилади). Эга вазифасида келган сўз эгалик ва кўплик қўшимчаларини қабул қила олади ва бош келишлик шаклида қўлланади. У кўпинча от, олмош, отлашган сўз ва сўз бирикмаси билан ифодаланади. Эга, асосан, кесимдан аввал келади; бундай сўз тартиби Э. нинг грамматик белгиларидан биридир. Баъзан кесимдан кейин ишлатилиши ҳам мумкин; бу ҳодиса инверсия дейилади. Эга баъзан биргина сўздан, баъзан эса бир неча сўздан, яъни синтактик бирликдан иборат бўлади. Мас: Т и н ч л и к урушни енгади. Ишлаган тишлар, ишламаган кишнар (Мақол). Отларнинг отхонага олиб ўтилмагани Зиёдиллани таажжублантирди (Ҳ. Ғулом).

Эга гапда ҳар доим бирор сўз ёки сўзлар бирикмаси билан ифодаланиши шарт эмас. Баъзи гапларда Эга тушиб қолиши, яширин бўлиши мумкин. Эганинг гапда қўлланиши ёки қўлланмаслиги гапнинг мантиқий мундарижаси, грамматик шакли ва нутқ услуби билан бевосита боғлиқ.

Неъмат Маҳкамов.

Prev Article

ЭВФЕМИЗМ

Next Article

ЭГЕЙ