ЭГЕЙ

ЭГЕЙ — юнон мифологиясида Афина подшоси. Унинг ўғли Тесей Минотавр (ярим буқа, ярим инсон шаклидаги маҳлуқ)ни ўлдириб, шу билан Афинани подшо Миносга тўлайдиган шармандали товондан халос қилиш мақсадида Крит о. га йўл олган. Эгейнинг у билан келишувига кўра, Минотавр билан бўладиган жангда Тесей ғолиб чиқса, унинг кемасидаги қора елканлар оқ елканларга алмаштирилиши лозим бўлган. Бироқ Тесей Минотавр устидан ғолиб чиққач, елканларни алмаштиришни ёдидан чиқариб қўйган; Э. қора елканли кемани кўргач, қирғоқцаги қоядан ўзини денгизга ташлаган. Шундан бери денгиз Э. денгизи деб ном олган (юнонлар денгиз номини шундай изоҳлаб келишган).