ЭГИЗАКЛАР

ЭГИЗАКЛАР — она организмида бир вақтда ривожланган 2, 3 ёки ундан ортиқ ҳомила. Э. туғилишида ирсий омилларнинг ҳам роли катта (қ. Ирсият). Э. нинг битта тухумдан (бир тухумли Эгизаклар) ёки 2 та (баъзан ундан ҳам кўп) тухумдан ривожланадигани маълум (икки тухумли Эгизаклар). Бир тухумли Эгизаклар 2 ядроли тухумҳужайранинг сперматозоид билан оталанишидан ёки 2 ядроли сперматозоид бир ядроли тухум-ҳужайрани оталантириши натижасида ривожланади. Баъзан тухумҳужайралар 3 та, 4 та (ва ундан ортиқ) ядро тутса, учта тўртта ва ҳ. к. Э. ривожланиши мумкин.

Бир тухумдан ривожланадиган Эгизаклар плацентаси битта, уларнинг жинси (фақат қиз ёки фақат ўғил болалар), қон группалари бир ва ташқи қиёфаси бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб, ҳатто энг яқин кишилари ҳам уларни бир-биридан аниқ ажрата олмайди.

Икки тухумли, яъни ҳар хил тухумдан ривожланадиган Эгизаклар бир вақгда етилган ва алоҳида уруғлар билан оталанган 2 ва ундан ортиқ тухумҳужайрадан ҳосил бўлади; плацентаси алоҳида-алоҳида, бир ёки ҳар хил жинсли бўлиши мумкин. Ирсий жиҳатдан улар «акаука», «опасингил», «акасингил» дек ўхшаш бўлиб, икки ва кўпроқ тухумлар бир вақтда етилгандагина пайдо бўлади.

Она қорнида Эгизаклар ривожланаётганлигини асосан ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидагина ҳомилада юрак уриши эшитилиши вақтида аниқлаш мумкин; ҳомиладор организмида бир қатор ўзгаришлар, кўпинча токсикоз белгилари, вақтидан олдин туғиб қўйиш каби ҳолатлар ҳам кузатилади. Шунинг учун эгизак туғиш эҳтимоли бўлган аёллар тез-тез аёллар консультациясига бориб туришлари ва туғишдан 7—10 кун илгари туғруқхонага келиб ётишлари лозим.

Кўп ҳомилалик нормал кечганда туғруқ вақтида деярли ҳеч қандай асоратлар кузатилмайди (қоғоноқ сувининг вақтдан илгари кетиб қолиши, суст дард тутиши ва бошқалар нохушликлар бундан мустасно). Кўпинча Эгизакларнинг вазни ва бўйи бир-биридан фарқ қилиши мумкин, бу, асосан, плацентадан келган озиқ модданинг тенг тақсимланмаганлиги билан боғлиқ. Вақтидан олдин туғилган Эгизакларни авайлаб парвариш қилиш талаб этилади (Гўдак, Чала туғилган бола).

Эгизакларни овқатлантириш муҳим аҳамиятга эга, уларни эмизганда навбатманавбат гоҳ у кўкракни, гоҳ бу кўкракни бериш, кўкрак сути етмаса, чақалоқларга мўлжалланган сутли омихталардан фойдаланиш зарур.

Эгизакларни овқатлантириш ва парвариш қилиш албатта болалар врачи маслаҳатига кўра олиб борилади.

Loading...