ЭКЛИМЕТР

ЭКЛИМЕТР (юн. оғдираман ва метр) — геодезияда — жойда (ерда) чизиқларнинг қиялик бурчагини ўлчаш учун ишлатиладиган геодезик асбоб. Доира шаклидаги металл қутича ва унинг ён томонига маҳкамланган призматик найча 2 дан иборат. Металл қутича ичида гардишига градусда даражаларга бўлинган ҳалқа (диск) 3 жойлашган. Градус даражалар нолдан бошлаб ҳар иккала томонга рақамлар билан белгиланган. Ўз ўқида эркин турган ҳалқа унга маҳкамланган юк (оғирлик) таъсирида доим бир ҳолатни, яъни гардишдаги нол даражадан ўтувчи диаметр чизиғи горизонтал ҳолатни эгаллайди. Ўлчашни бажариб бўлиб, ҳалқа махсус пружиналар ёрдамида қўзғалмас ҳолда сақланади. Чизиқнинг қиялик бурчагини ўлчаш учун унинг бир учида Эклиметр билан туриб, иккинчи учига белги таёқ тик ўрнатилади ва Эклиметрнинг призматик найчаси таёқца кўз баландлиги бўйича белгилаб қўйилган нуқтага қаратилади. Қутича сиртидаги тугмача босилиб, ҳалқа эркин ҳолатга келтирилади ва ойначадан ҳалқа гардишидаги шкала бўйича саноқ олиниб, қиялик бурчагининг қиймати аниқланади. Эклиметр билан қиялик бурчаги 0,1° аниқликда ўлчанади.

Loading...