ЭКОЛОГИК ВАЛЕНТЛИК

ЭКОЛОГИК ВАЛЕНТЛИК — турнинг ўзгарувчан муҳит шароитига мосланиш даражаси. Миқдорий жиҳатдан муҳит шароитининг мазкур тур ҳаёт фаолияти сақланиб қоладиган чегарада ўзгариши билан ифодаланади. Экологик валентликга турнинг битта алоҳида омилга ёки бир қанча омиллар комплексига нисбатан реакцияси сифатида қараш мумкин. Муайян омилнинг кенг кўламда ўзгаришига чидамли турлар «эври» қўшимчаси орқали белгиланади (мас, эвритермлар — ҳарорат таъсирига, эвригалинлар — шўрланишга нисбатан ва ҳ. к.). Мазкур омилнинг тор кўламда ўзгаришига чидамли турлар «стено» қўшимчаси билан ифодаланади (мас, стенотермлар, стеногалинлар). Комплекс омилларга нисбатан кенг кўламдаги Экологик валентликга эга бўлган организмлар эврибионтлар, бунинг акси стенобионтлар дейилади. Эврибионтлик турнинг турли хил яшаш жойини эгаллашига имкон берса, стенобионтлик эса тур тарқалиши жойининг кескин камайишига олиб келади. Бу тушунчалар турга нисбатан эвритоп ва стенотип деб аталади (қ. Экологик омиллар).