ЭКОЛОГИЯ

ЭКОЛОГИЯ (юн. — уй, турар жой ва …логия) — организмдан ҳар хил даражада юқори турадиган системалар; популяциялар, биоценозлар, биогеоценозлар (экосистемалар) ва биосферанинг тузилиши, уларда кечадиган жараёнларни ўрганадиган биол. фанлари мажмуи. Экологияни организмлар ва улар билан атроф муҳит ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўрганадиган фан сифатида ҳам талқин қилинади. Экология ўрганадиган объектларига кўра, умумий ва хусусий Экологияга ажратилади.

Умумий Экология организмдан юқори турадиган ҳар хил системаларнинг тузилиши ва функциясини ўрганади. У популяциялар Экологияси, биоценология, экосистемалар Экологияси каби бўлимлардан иборат. Популяциялар Экологияси популяцияларининг структураси ва микдорий динамикасининг умумий қонуниятлари ҳамда ҳар хил турлар популяциялари ўртасидаги ўзаро муносабатлар (рақобат, йиртқичлик) ни тадқиқ қилади. Биоценология (ҳамжамоалар Экологияси) биоценозларнинг тузилиши қонуниятлари, таркиби ва функциясини ўрганади.

Хусусий Экология муайян таксономик гуруҳга мансуб организмларнинг муҳит шароитига муносабатлари мажмуини ўрганади (мас, ҳашаротлар Э. си). Баъзан хусусий Экологияга муайян экосистема ва ҳамжамоани ўрганадиган фан сифатида ҳам қаралади (мас, қ. х. экосистемалари Экологияси — агроэкология; ўсимликлар ҳамжамоалари Экологияси — фитоценология). Сув экосистемалари ва сув организмлари Экология сини ўрганадиган гидробиология ҳам Экологиянинг бир қисми ҳисобланади. Экология аутэкология (ҳар хил муҳит омилларининг алоҳида турларга таъсирини ўргайЪдиган фан) ва синэкология (организмлар ва улар мажмуалари ўртасидаги муносабатларни ўрганадиган фан)га ҳам ажратилади.

«Экология» терминини 1866 йил немис олими Э. Геккел организмларнинг атроф муҳит билан муносабатларини белгилаш учун таклиф этган. Экологиянинг фан сифатида юзага чиқиши 18 — 19-асрларда яшаган натуралистлар ва географларнинг ишлари билан боғлиқ. 19-асрнинг охири ва 20-аср бошларида тадқиқотчилар айрим омиллар, айниқса, иқлимнинг организмларнинг тарқалиши ва динамикасига таъсир этишига эътибор беришди. Айни шу даврда организмларнинг бир бутун мажмуи бўлган табиий биоценозлар тўғрисидаги тасаввурлар шакллана бошлайди. Экология 20-асрнинг 20—30-й. ларида жадал ривожлана бошлади. Бу даврда америка зоологи Ч. Элтон популяциялар ва ҳамжамоаларни ўрганишнинг асосий вазифаларини кўрсатиб берди; италиялик ва америкалик математиклар В. Вольтерра ва А. Лотка популяцияларнинг ўсиши, ўзаро таъсирининг математик моделларини таклиф этишди; рус микробиологи Г. Ф. Гаузе бу моделларни тажрибада синаб кўради. Худди шу даврда гидробиологияла тирик организмлар орқали моддалар ва энергия ўзгаришини миқдорий жиҳатдан ўрганиш бошланади. Бир-бири ва нотирик атроф муҳит билан ўзаро боғланган организмлар комплекслари тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланиши инглиз ботаниги А. Тенслининг «экосистема» (1935) ва рус ботаниги В. Н. Сукачевнинг «биогеоценоз» (1940) тушунчаларининг яратилиши билан боғлиқ.

20-асрнинг 50-й. ларида умумий Экология шаклланади. Тадқиқотчиларнинг асосий ишлари организмлар ва улар ҳосил қиладиган системаларнинг ўзаро таъсирини ўрганишга қаратилади. Экология тадқиқотларида миқдорий методлар кенг тарқала бошлайди; лаб. ва табиатда ўтказиладиган тажрибалар ҳамда математик моделлаштиришлар кенг қўлланила бошланади.

20-асрнинг 2-ярмида одамнинг биосферага салбий таъсири кучайиши натижасида экологик кризиснинг юзага чиқиши ва табиатни муҳофаза қилиш ишларини кенг миқёсда амалга ошириш заруриятининг туғилиши билан Экологиянинг амалий аҳамияти кескин ошиб кетди; кўпчилик табиий фанларни «экологиялаштириш» бошланди; Э. билан фалсафа, социология ва бошқалар бир қанча фанлар ўртасида узвий боғланиш пайдо бўлди. Ҳоз. даврда саноат ва қ. х. ишлаб чиқариши, транспорт, қурилиш, илмийтехникавий, демографик муаммоларни ҳал этиш ҳамда табиии ресурслардан рационал фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқишда экологик ёндашув зарур бўлиб қолди.

Ўзбекистонда Экологиянинг ривожланиши Д. Н. Кашкаров, А. Л. Бродский, Т. 3. Зоҳидов ва бошқаларнинг ишлари билан боғлиқ. Д. Н. Кашкаров умуртқали ҳайвонларни ўрганган ва биринчи бўлиб, ҳайвонлар экологияси дарслигини яратган. А. Л. Бродский тупроқ умуртқасиз ҳайвонларини, Т. 3. Зоҳидов Қизилқум умуртқали ҳайвонларини экологик жиҳатдан тадқиқ қилган. Ўсимликлар экологиясига оид тадқиқотлар Қ. З. Зокиров, А. М. Музаффаров, И . И. Гранитов ва уларнинг шогирдлари томонидан кенг миқёсда олиб борилмоқда (яна қ. Табиатни муҳофаза килиш).

Ад. Одум Ю ., Основн экологии, пер. с анг. М., 1975; Эргашев А., Умумий экология, Т., 2003; Тўхтаев А., Экология, Т., 2000.

Аҳмадқул Эргашев, Очил Мавлонов.