ЭКОНОМЕТРИЯ

ЭКОНОМЕТРИЯ (юн. уй хўжалигини юритиш санъати ва …метрия) , эконометрика — иқтисодий жараёнларни таҳлил қилиш, иқтисодий ахборотларга ишлов беришнинг математик ва иқтисодийстатистик усулларини ва моделларини ишлаб чиқиш ва қўллаш билан шуғулланадиган фан; Э. иктисодий ҳодиса ва жараёнларнинг аниқ миқдорий қонуниятлари ва ўзаро алоқаларини математик ва статистик усуллар, моделлар ёрдамида ўрганади. Эконометрияда қўлланиладиган моделлар ёрдами билан статистика, прогноз ва режа маълумотлар асосида миқдорий натижалар олинади. Эконометриянинг пайдо бўлиши иқтисодий таҳлиллар ва тахминлаш учун иқтисодий статистик усуллар ва йўлйўриқларнинг зарурати билан боғлиқ.

Иқтисодий-статистик маълумотларни математик усулда ўрганиш 19-асрнинг охирлари — 20-асрнинг бошларидан бошланди. 20-асрнинг 20—30-й. ларида Эконометрия мустақил фан сифатида ажралиб чиқди. «Эконометрия» терминини дастлаб поляк иктисодчиси А. Чомпа (1910) қўллаган, норвег иқтисодчиси, Халқаро эконометрия жамияти (1930)нинг асосчиларидан бири Р. Фриш унга илмий йўналиш берди (1926). Дастлаб Эконометрия доирасида иқтисодий жараёнлар ва уларга таъсир этадиган омиллар ўртасидаги корреляцион алоқаларни ифодаловчи аналитикстатистик моделлар ишлаб чиқилди. Иқтисодий ривожланишни таҳлил қилишда иқтисодий ўсиш моделларидан фойдаланилди. Рус олими Л. В. Канторович норматив моделларни ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди.

Ҳоз. Эконометрия усуллари ёрдамида прогнозлашга оид кўплаб масалаларни юқори аниқлик даражасида ечиш мумкин. Ҳоз. даврда Эконометрия иқтисодий ривожланишнинг математик усулларини такомиллаштиришда, иқтисодий цикллиликни асослаш, талаб ва таклиф кўрсаткичларини ҳисоблаш, талабнинг ўзгарувчанлик хусусиятларини баҳолаш, ишлаб чиқариш сарфхаражатларини ва жамғариш суръатлари ўзгаришларини таҳлил этиш, ишлаб чиқаришнинг тармоқлараро боғликдигини ўрганишда ва бошқалар масалаларни тадқиқ ва тахлил этишда қўлланилади. Эконометрия бўйича Ўзбекистон ФА Математика инти, Ўзбекистон миллий ун-тининг амалий математика фти, ТошТУ ва Тошкент иқтисодиёт унтларида назарий ва амалий ишлар олиб борилади.

Садир Салимов.