ЭКОТИП, экологик тип — муайян экологик шароитга мослашган. бир турга мансуб ўсимликлардаги бир хил популяциялар мажмуи; шу шароитда ирсий морфологик, физиологик, биокимёвий ва бошқалар хусусиятлар вужудга келади. «Экотип» терминини фанга швед олими Г. Турессон киритган (1920). Экотипнинг 3 тури бор: иқлимий ёки географик Экотип — тур яшаш ареалининг алоҳида қисмини ишғол қилади; улар маълум иқлим шароити таъсирида шаклланган, мас, жанубий Экотип шимолдагисидан паст бўйлилиги, қисқа, ингичка ва дағал барги ҳамда устида мумсимон қават бўлиши билан фарқ қилади; эдафик Экотип — тупроқ таъсирида ҳосил бўлади; мас, Писком дарёси ҳавзасида ўсган писком пиёзи алоҳида тур сифатида тавсифланган; биотик ёки ценотик Экотип — тур атрофидаги маълум ўсимликлар қоплами таъсирида вужудга келади ва ривожланади; мас, оқсўхтанинг ўтлоқ ва ўрмондаги экотипи.
Экотип турларнинг келиб чиқиши жараёнидаги босқичлардан бири. У узоқ давом этган тарихий жараёнда пайдо бўлади.