ЭКСКАВАТОР

ЭКСКАВАТОР (лот. ехсауо — ўяман, қазийман) — тоғ жинслари ва ерни (грунтни) қазиш, уларни транспорт воситаларига юклаш ёки тўплаш учун мўлжалланган қазишюклаш машинаси. Ер қазиш машиналарини яратиш ғоясини 16-асрда Леонардо да Винчи Э. драглайн схемаси тарзида илгари сурди. Экскаваторнинг чизмасини биринчи марта рус муҳандиси А. А. Бетанкур 19-аср 20-й. ларида ишлаб чиққан. 1834 йилда АҚШ да В. Отисом натент олган; 1910 йилда биринчи электр двигателли Экскаватор, 1912 йилда дизель ёнилғисида ишлайдиган, 1920-й. ларда рельсда ҳаракатланиб, тўла буриладиган Экскаватор ишлаб чиқарилди. Кейинчалик Экскаваторнинг тузилиши такомиллаштириб борилди.

Экскаватор бир ковшли (узлуксиз ёки циклли ишлайдиган) ва кўп ковшли (узлуксиз ишлайдиган) хилларга бўлинади. Экскаваторнинг асосий қисмлари; ковш (чўмич), шарнирли қулоч, куч қурилмаси (двигатель), буриладиган корпус ва юриш қисми (гусеница, ғилдираклар). Бир ковшли Экскаваторнинг иш цикли кон жинси ёки грунтни кесиш ёки қазиш, тўлган ковшни бўшатиш ва ковшни забойга қайтаришдан иборат. Экскаваторнинг қуввати, тури ва иш шароитига қараб, иш цикли 15—80 сек давом этади. Юриш қисмларининг турига кўра, гусеницали, ғилдиракли, одимловчи, рельсда юрадиган, сувда сузадиган, ғилдираклигусеницали; куч қурилмасининг турига кўра, бир двигателли ва кўп двигателли; ички ёнув двигателли, электр, гидравлик, пневматик ва аралаш двигателли; бошқариш турига қараб, қўлда, гидравлик, пневматик, электр билан ва аралаш бошқариладиган; иш органининг турига кўра, тўғри ва тескари куракли, драглайнли, грейферли ва бошқа Экскаваторлар бўлади. Тўғри куракли Экскаватор кенг тарқалган. Бундай Экскаватор лардан фойдали қазилмаларни қазиб олишда, қаттиқ ва тошлоқ грунтларда зовурлар қазишда фойдаланилади. Тескари куракли Экскаватор тор зовурлар қазишда, унча катта бўлмаган зовурларда иншоотлар қуришда қўлланилади. Драглайнли Экскаватор ўзи турган сатҳдан пастдаги грунтларни қазийди. Грейферли Экскаватор юклаш ишларида, зовур қазиш ва бошқалар мақсадларда ишлатилади. Турли алмаштириладиган жиҳозлар (монтаж ишлари, юк ортиш ва тушириш, бурғилаш, устунқозиқлар қоқиш ва бошқаларучун) билан жиҳозланган Экскаваторлар универсал Экскаватор дейилади. Гидроюритмали, яъни гидроэкскаваторлар ҳам кенг тарқалган. Уларда турли иш органлари буриладиган платформа билан шарнирли бирикади ва юқори (30—100 МПа) босимли насослар билан ҳаракатланади. Вазифасига қараб, бир ковшли Экскаватор, қурилишда, карьерда, туннелда ишлатиладиган, кон очадиган, сузиб юрувчи ва бошқалар хилларга бўлинади. Туннель вашахта Экскаватор лари аксари ер ости ишларида қўлланади. Бир ковшли Экскаваторлар ковшининг сиғими — 160 м3 гача.

Кўп ковшли Экскаватор иш жиҳозларининг турига қараб, занжирли ва роторли хилларга бўлинади. Занжирли Экскаватор ларда ковшлар (12—40 та) йўналтирувчи рама ғалтаклари бўйича ҳаракатланувчи узлуксиз занжирга маҳкамланади. Роторли Экскаватор ларда иш органи 6—12 та (баъзан 24 гача) ковш ўрнатилган ротордан иборат. Бунда грунт тўкиш конвейерига берилиб 150 м гача ташилади. Унинг ковлаш бал. 50 м гача, чуқурлиги эса 25 м гача бўлади. Роторли Экскаваторлар кўпроқ конларда ишлатилади. Ҳаракат йўналишига қараб, кўндалангига, бўйламасига қазийдиган ва буриладиган хилларга бўлинади. Кўп ковшли Экскаватор ларнинг иш унумдорлиги 15000 м3/соат гача етади. Экскаваторлар Россия, АҚШ, Германия, Франция, Япония, Польша, Чехия ва бошқалар мамлакатларда ишлаб чиқарилади. Тошкент экскаватор з-дида ҳам Экскаваторлар ишлаб чиқарилган (1945—90).

Loading...