ЭКСПОРТ

ЭКСПОРТ (инг., лот. — олиб чиқаман, четга чиқараман) — товарлар, хизматлар, инвестиция, қимматли қоғозлар, технологиялар ва бошқаларни ташқи бозорга чиқариш. Товарларни бир мамлакат орқали олиб ўтиш (транзит) ва бир мамлакатдан олиб келинган товарларни бошқа мамлакатларга сотиш учун чиқарқш (реэкспорт) ҳам Экспортга киради.

Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган моддий бойликлар Экспорт таркиби (кўринма Экспорт) миллий иқтисодиётнинг ўзига хос хусусиятлари, унинг халқаро меҳнат тақсимотидаги ўрни билан боғлиқ. Саноати ривожланган мамлакатларга саноат маҳсулотлари, айниқса, машинасозлик маҳсулотлари ва технологиялар Экспорт қилиш хос бўлса, қолоқ аграр иқтисодиётга эга бўлган мамлакатлар Экспорт ида хом ашё ва озиқ-овқат асосий роль ўйнайди. Якка зироатчилик хўжаликлари ҳукмрон бўлган мамлакатлар Экспорт ида 1—2 товар тури асосий ўринни эгаллайди.

Юкларни ташиш, воситачилик операциялари, туризм, илмийтехника алоқаларидан ва бошқалар хизматларни сотишдан олинадиган даромадлар кўринмас Экспортни ташкил этади ва иқтисодиёти ривожланган кўпгина мамлакатларда унинг аҳамияти ортиб бормоқда.

Ҳар қандай давлат учун Экспорт импорт ва чет элларда бошқа харажатларни тўлаш учун зарур бўлган чет эл валютасининг асосий манбаи. Давлатнинг ташқи иқтисодий сиёсатида (қ. Ташқи иқтисодий сиёсат) Э. ни кенгайтириш муҳим масала ҳисобланади ва давлат экспорт учун мўлжалланган ишлаб чиқаришни қўллабқувватлашнинг турли шаклларини кенг қўллайди (солиқ имтиёзлари ва бошқалар молиявий кўмаклар; Э. ни давлат томонидан кредитлаш).

Экспортни чеклаш (қ. Квота) аксарият ҳолларда муайян мамлакатлар билан олиб бориладиган савдога эмбарго жорий этиш йўли билан сиёсий мақсадларда амалга оширилади. Айрим товарлар Экспорти баъзан иқтисодий ёки экологик сабабларга кўра чекланади (мазкур товарнинг мамлакат иқтисодиёти учун муҳимлиги, йўқолиб бораётган ҳайвонлар ёки ўсимликлар турларини, миллий маданийбадиий бойликларни асраш ва бошқалар). Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига мувофиқ, товарлар Экспорти божхона режимида, божхона тўловлари тўланганидан кейин, иқтисодий сиёсат тадбирларига риоя этилган ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа талаблар бажарилган ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан четга чиқарилади.

2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Э. и 3725,0 млн. АҚШ долларидан иборат бўлди (импорт 2964,2 млн. АҚШ доллари). Унинг товарлар таркибида пахта толаси (19,8%), озиқ-овқат товарлари (2,7%), кимё маҳсулотлари, пластмасса ва улардан ясалган буюмлар (3,1%), энергия манбалари (9,8%), қора ва рангли металлар (6,4%), машина ва ускуналар (5,9%), хизматлар (14,4%) ва бошқалар асосий ўринда туради.

Кўпгина мамлакатларда Экспорт товарлари қўшилган қиймат солиғидан ва шунга ўхшаш солиқлардан озод қилинади (яна қ. Ташқи савдо).

Қодиржон Юсупов.

Loading...