ЭКСПОЗИЦИЯ

ЭКСПОЗИЦИЯ (лот. — кўрсатиш, баён этиш) — бадиий асар, моддий маданий ёдгорликлар, тарихий ҳужжат ва бошқаларни кўргазма ва музей залларида ёки очиқ жойларда маълум тизимда жойлаштирилиши. Доимий ва даврий Экспозициянинг мақсади барча экспонатларни уларнинг бадиий ва илмий қиймати, тарихий бадиий жараёндаги ўрни, материалларнинг аҳамиятини мукаммал ёритиб беришдир. Экспозиция эркин ёки томошабинларнинг танишиш йўналишларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Замонавий шароитда Экспозиция экспонатларни сақлаш қоидаларига жавоб берадиган махсус ускуналар, экспонатнинг қисқача характеристикаси ҳамда Экспозиция хусусиятлари, асарлари баён қилинган ихчам матнлар билан таъминланади.