ЭКЗИСТЕНЦИАЛИЗМ

ЭКЗИСТЕНЦИАЛИЗМ (лот. — яшаш, мавжудлик) , мавжудлик фалсафаси — фалсафадаги йўналиш. 20-аср бошида Россияда, 1-жаҳон урушидан кейин Германияда, 2-жаҳон уруши даврида Францияда, урушдан кейин бошқа мамлакатларда пайдо бўлган. С. Кьеркегор (1813—55) таълимоти, ҳаёт фалсафаси, феноменология Э. нинг ғоявий манбаи ҳисобланади. Диний Экзистенциализм (К. Ясперс, Г. Марсель, Н. А. Бердяев, Л. Шестов, М. Бубур) ва атеистик Экзистенциализм (М. Ҳайдеггер, Ж. П. Сартр, А. Камю) бир-биридан фарқланади. Марказий тушунчаси — экзистенция (инсон мавжудлиги). Инсон мавжудлиги асосан ғамхўрлик, қўрқиш, қатъийлик, виждон кабиларда намоён бўлади. Даҳшат, қўрқув, ўлим инсон яшашининг асосини ташкил этади. Инсон ўзини экзистенция сифатида англагандан кейин эркинликка эришади, бу эркинлик ўз-ўзини, ўзининг моҳиятини танлашдан иборат бўлиб, инсонга оламда юз бераётган барча нарса учун масъулият юклайди. Экзистенциализм борлиқнинг фожиалилигини, унинг мантиққа хилофлигини, инсон ихтиёрида эмаслигини тарғиб қилади. Экзистенциализм оқим сифатида тугаганлигига қарамай, ҳоз. кунда унинг асосий тамойиллари Европа халқлари менталитетига сингиб кетган. У ғарб адабиёти ва санъатига катга таъсир кўрсатган.