ЭКЗОБИОЛОГИЯ (экзо… ва биология) — космик биология йўналишларидан бири; тирик материя ва органик моддаларни космосдан ва бошқалар планеталардан ахтариш билан шуғулланади. Экзобиологиянинг асосий мақсади космосда ҳаётнинг мавжудлиги тўғрисида бевосита ёки билвосита далилларга эга бўлишдан иборат. Космик бўшлиқда спектроскопик методлар ёрдамида органик бирикмаларнинг синтезланиши учун зарур бўлган моддалар (цианид кислота, формальдегид ва бошқалар) топилганлиги экзобиологик тадқиқотлар учун асос бўлади. Экзобиология методлари ёрдамида ҳаётнинг ўзга планеталардаги изларини топиш ҳамда топилган организмларнинг айрим хусусиятларини ўрганиш мумкин. Ердан бошқа планеталарда ҳаёт борлигини тахмин қилишда организмларнинг сунъий яратилган экстремал шароитда яшаш қобилиятини аниқлаш лозим. Кўпчилик микроорганизмлар абсолют 0 га яқин ва юқори (80—95°) ҳароратда яшаб қолишининг аниқланиши катта аҳамиятга эга. Микроорганизмлар спораси чуқур вакуум ва узоқ давом этган қуритишга, космик бўшлиқдагига нисбатан ҳам кучлироқ ионловчи нурларга чидамли бўлади. Ердан ташқарида яшаши гумон қилинган организмлар Ердагига нисбатан яшаш муҳити шароити таъсирига, сувсизликка иисбатан чидамлироқ бўлиши лозим. Анаэроб шароит ҳаётнинг ривожланиши учун тўсиқ бўлолмайди. Шунинг учун назарий жиҳатдан космик бўшлиқда хилмахил хусусиятларга эга бўлган организмларнинг мавжуд бўлишини тахмин қилиш мумкин. Олиб борилган тадқиқотлар Марс, Венера ва бошқалар сайёраларда ҳаёт борлигини исбот қилолмади.
Қуёш системасида фақат Ерда ҳаёт бўлиши, бошқа планеталарда бўлмаслиги тахмин қилинади. Бир хил тахминлар асосида Ерда ҳаёт фақат сувуглеродли муҳитда, бошқа тахминларга қараганда кремнийаммиакли муҳитда ҳам бўлиши мумкин.