ЭЛЧИ

ЭЛЧИ — 1) бир давлатнинг бошқа бир давлатдаги элчихонасига раҳбарлик қилувчи дипломатик вакил. Тарихий манбаларда бир давлат ҳукумати томонидан иккинчи давлат ҳукуматига дипломатик вазифа билан юбориладиган доимий ёки муваққат вакил Элчи гина эмас, балки ялавоч, ялафар, расул атамалари билан ҳам ифодаланган. Мухтор вакил ҳисобланмиш Элчи зиммасига дипломатик алоқалар ўрнатиш, давлатлар ёхуд душман томонлар ўртасида тинчлик ўрнатиш, ҳамкорликдаги ҳаракатларга оид битимлар тузиш, давлат бошлиғи ёки ҳукмдор сулола аъзоларининг вафоти муносабати билан таъзиялар билдириш, бирон бир шодиёна боис муборакбодлар қилиш каби масъулиятлар юклатилган. Олтин Ўрда хонлигида Элчининг бош вазифалари сирасига ҳукумат хазинасига тобе юртлардан йиғилган ўлпонни ўз муддатида етказиш ҳам кирган.

11-аср ёзма обидаси «Қутадғу билиг»да Элчи этиб тайинланадиган шахснинг бир қатор талабларга жавоб бериши таъкидданган. Хусусан, унинг билимли, заковатли, садоқатли, кўзи тўқ, босиқ, уятандишали, кенг қамровли, зеҳнли, доно, зийрак, ичимлик ичмайдиган, кўркли, мард, ширин сўзли бўлиши талаб этилган. «Элчи» атамаси илк бор Уюқ дарёси водийсидан топилган қадимий туркий Энасой руник битикида қайд этилган бўлса, «ялавоч» атамаси биринчи марта Олтинкўл яқинидан топилган Энасой ёдномасида кўзга ташланади. Мазкур қадимий туркий битигда 711 йилнинг авг. —сент. да Тибетга Турк хоқонлигидан келган дипломатик вакилнинг ташрифи хусусида гап боради.

Чингизийлар даврида Элчилар даражасига қараб олтин, кумуш, чўян, жез ва ёғоч пайза билан таъминланган.

Элчи ўз ватанига қайтишдан олдин дипломатик ваколати тугаётган давлат бошлиғидан махсус ёрлиқ — ижозат қоғози олиши лозим ҳисобланган.

Элчининг ўлдирилиши ёки ҳибс қилиниши аксарият дипломатик муносабатларнинг кескинлашувига, баъзан узилишига олиб келган. Жумладан, Ўтрорда мўғул Элчи ларининг Хоразмшоҳ томонидан қатл қилиниши Мовароуннаҳрнинг Чингизхон бошлиқ истилочилар томонидан забт этилишини тезлаштирди.

Амир Темур ва Темурийлар даврида Шарқ билан Ғарб ўртасида савдосотиқ ва Элчилик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантиришга ғоят катта эътибор берилган. Амир Темур Европанинг Франция, Англия ва Кастилия каби йирик қиролликлари билан бевосита савдо ва Элчилик алоқалари ўрнатган. Ташқи савдони кенгайтиришда темурийларнинг турли мамлакатлар (Хитой, Тибет ва Ҳиндистон ва бошқалар) билан олиб борган Элчилик алоқалари муҳим аҳамиятга эга бўлган; 2) олий дипломатия даражаси — фавқулодда ва мухтор элчи (қ. Дипломатия даража ва мартабалари).

Loading...