ЭЛЕКТР АППАРАТЛАР

ЭЛЕКТР АППАРАТЛАР — турли қурилмалар, машиналар, механизмлар ва бошқаларнинг электр ва ноэлектр параметрларини ўзгартириш, ростлаш, ўлчаш, назорат қилиш ҳамда уларни ортиқча кучланишлардан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган электр қурилмалар. Вазифасига кўра, коммутацион, ишга туширувчиростловчи, ростловчи, чекловчи, ўлчовчи, назорат қилувчи турларга бўлинади. Иши қандай физик ҳодисага асосланганлигига қараб, Электр аппаратларни электромагнит, иссиқлик, индукцион ва бошқалар турларга ҳам бўлиш мумкин. Баъзан, бир аппаратнинг иши бир неча физик ҳодисаларга асосланган бўлади. Автоматик ва ноавтоматик Электр аппаратлар ҳам фарқланади. Электр аппаратлар жумласига бошқариш кнопкалари, рубильниклар, ажраткичлар, виключателлар (коммутацион Электр аппаратлар), контакторлар, контроллёрлар, магнитли ишга туширгичлар, реостатлар ва бошқалар (ишга туширувчиростловчи Электр аппаратлар), ростлагичлар, стабилизаторлар ва бошқалар (ростловчи Электр аппаратлар), электр реакторлар, эрувчан сақлагичлар, разрядниклар ва бошқалар (чекловчи Электр аппаратлар), ток трансформаторлари, кучланиш трансформаторлари (ўлчовчи Электр аппаратлар) ва бошқалар қурилмалар киради. Электр аппаратлар электр тармоқларини ҳимоя қилиш тизимларида, ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланиладиган ишга туширишростлаш қурилмаларида, транспорт воситаларида, автоматика ва телемеханика тизимларида, алоқа, радио ва телевидение тармоқлари ва бошқалар кўп соҳаларда ишлатилади.

Loading...