ЭЛЕКТР БИЛАН ИСИТИШ

ЭЛЕКТР БИЛАН ИСИТИШ — хоналарни электр энергиясини иссиқлик энергиясига айлантириб берувчи электр асбоблари ёрдамида иситиш ва уларда муайян трани сақлаб туриш учун мўлжалланган иситиш тизими. Электр билан иситиш асбобларининг асосий қисмлари металл корпус, керамика асос ва қиздириш элементи (спиралсимон ёки стерженсимон элемент). Электр қаршилиги катта бўлган симдан ясалган қиздириш элементли электр иситиш асбоблари кенгроқ тарқалган. Бундай асбоблар очиқ (қиздириш элементи кўриниб турадиган) ва ёпиқ (қиздириш элементи корпус ичига жойлаштирилган) турларга бўлинади. Очиқ асбоблар жумласига электр каминлар, рефлекторлар ва бошқалар, ёпиқ асбоблар жумласига турли типдаги (мас, мойли) радиаторлар киради. Электр токи иссиқлик тўпловчи материални қиздириб, бу материал тўплаган иссиқлигини хонани иситишга сарфлайдиган иситиш асбоблари ҳам бор. Иссиқлик тўпловчи материал сифатида темирбетон панеллар қўлланиши мумкин. Бундай ҳолда пардеворлар, ораёпмалар ва ҳатто пол панеллари орасига электр қиздириш кабеллари қўйиб кетилади. Электр билан иситишнинг афзаллиги — оддийлиги, хона ҳароратини ростлаб туриш мумкинлиги, озодалиги ва ҳ. к. (яна қ. Иситиш).