ЭЛЕКТР ЎТКАЗУВЧАНЛИК

ЭЛЕКТР ЎТКАЗУВЧАНЛИК — ташки электр майдон таъсирида моддада электр зарядларнинг кўчишини ифодалайдиган тушунча; жисмнинг электр токини ўтказиш хусусияти ва бу хусусиятни миқдоран ифодалайдиган физик катталик. Электр токини ўтказадиган жисмларни ўтказгичлар дейилади. Ўтказгичларда доимо эркин заряд элтувчилар — электронлар ва ионлар бўлади (ана шуларнинг тартибли йўналган ҳаракатлари электр токи ҳисобланади). Электр ўтказувчанлик миқдор жиҳатдан ўтказгичдаги электр майдон кучланганлиги бир бирлик бўлганда ундан ўтаётган ток зичлиги билан аникланади.

Яримўтказгичлар ва диэлектрикларда электронларнинг зоналарда энергетик сатҳлар бўйича жойлашиши бир хил, лекин тақиқланган зонанинг кенглилиги диэлектрикларда каттароқ. Яримўтказгичларда электронлар иссиқлик энергияси ҳисобига тақиқланган зона орқали бўш зонага ўта олади.

Тра ортиши билан бундай ўтишлар эҳтимоли ортади. Ўтган электронлар металларда ўтказувчанлик электронлари турган шароитга ўхшаш бўлган шароитда бўлади ва ўтказувчанликда иштирок этади. Диэлектрикларда бундай натижага анча юқори трада эришиш мумкин. Шундай қилиб, яримўтказгичлар ва диэлектрикларда т-ра кўтарилган сари Э. ў. ортиб боради.

Loading...