ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИ

ЭЛЕКТР ТАЪМИНОТИэлектр энергетикасининг саноат, қ. х., транспорт, шаҳар хўжалиги, аҳоли ва бошқаларни электр энергияси билан таъминлаш ҳамда унинг тақсимоти билан шуғулланадиган бўлими. Унга электр энергия манбалари, кучланишни оширувчи ва пасайтирувчи электр ст-ялари, таъминлаштақсимлаш электр тармоғи, турли ёрдамчи қурилмалар ва иншоотлар киради. Ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг асосий қисми саноат эҳтиёжлари учун ишлатилади.

Электр таъминотининг асосий манбалари электр ст-ялари (қ. Электр станцияси), ҳудудий энергетика тизимларининг энергия билан таъминлаш тармоқлари (қ. Электр тармоғи). Йирик саноат корхоналари ва шаҳарларни ҳам энергия, ҳам иссиқдик билан таъминлаш учун иссиқликэлектр марказлари ИЭМ (ТЭЦ) дан фойдаланилади. Буларнинг қуввати саноат корхоналари ва шаҳар хўжалигининг энергия ва иссикликка бўлган эҳтиёжи билан белгиланади (қ. Иссикликэлектр маркази, Иссиқликэлектр станциялари). Электр таъминоти тизимида кўпинча юқори кучланишли ток ишлатилади. Маиший корхоналар ва уйрўзғорда 220 В (камдан кам ҳолларда 110 В), йирик саноат корхоналари, транспорт ва шаҳар хўжалигида 110 ва 220 кВ, айрим йирик соҳаларда 330 ва 500 кВ кучланишли электр энергиясидан фойдаланилади.

Электр таъминоти тизимининг схемаси электр энергияси манбаидан энергияни истеъмолчиларга узатишда оралиқ коммутация ва трансформация (кучланишни ўзгартириш) босқичлари сони кам бўлишига, энергия манбаини иложи борича истеъмолчига яқинроқ қилиб қуришга асосланади. Энергияни истеъмолчиларга узатишда кабелли ва симли узатиш усулларидан фойдаланилади. Кучланишни ўзгартирувчи (асосан, пасайтирувчи) ст-ялар истеъмолчилар зич жойлашган ҳудуднинг ўртароғига қурилади.

Ўзбекистонда Электр таъминоти асосан, 20-аср бошларида Тошкентда 2 электр ст-я қуриш билан бошланди. Энг йирик ГЭСлар: Чорвоқ ГЭС, Хўжакент ГЭС, Ғазалкент ГЭС, Фарҳод ГЭС, энг йирик иссиқликэлектр марказлари (ИЭМ): Фарғона ИЭМ, Муборак ИЭМ, Тошкент ИЭМ; йирик электр узатиш линиялари (ЭУЛ) сони 20 дан ортиқ (қ. Энергетика). Ресггублика шаҳарлари ва қишлоқларини электр билан таъминлаш марказлаштирилган.

Тошкент шаҳрида дастлабки электр ст-ялари 20-аср бошларида қурилган. Марказлашган шаҳар Электр таъминотининг бошланиши Бўзсув ГЭС нинг биринчи навбати (1926) ва 6 кВ кучланишли ўзгарувчан ток кабель тармоғининг ишга туширилиши билан боғлиқ. Ҳозир асосий шаҳар Электр таъминоти манбалари: Тошкент ДИЭС, Тошкент иссиқлик электр маркази (ИЭМ), Тошкент ГЭС лари каскади. Бундан ташқари, Электр таъминоти тизимида 60 дан ортиқ кичик ст-ялар, трансформатор пунктларқ, тақсимлаш пунктлари, кабель ва ҳаво симлари бор. (2005).

Эргаш Шоисматов.