ЭЛЕКТР ТОКИ

ЭЛЕКТР ТОКИэлектр зарядларининг тартибли ҳаракати. Электр токи пайдо бўлиши ва доимо пайдо бўлиб туриши учун:

1) моддада эркин электр зарядлари,

2) уларни тартибли ҳаракатга келтирувчи электр майдон ва

3) занжир берк бўлиши керак. Зарядли зарралар ток ташувчилар деб аталади. Металлар ва яримўтказгичларда ток ташувчилар электронлардан, электролитларда мусбат ва манфий ионлардан, ионлашган газларда мусбат ва манфий ионлар ҳамда электронлардан иборат.

Зарядли зарраларнинг электр майдон таъсирида жисмга нисбатан кўчиши натижасида вужудга келадиган Электр токи ў т к а зувчанлик токи деб, зарядланган макроскопик жисм (мас, суюқлик ёки газ) ларнинг кўчишидан юзага келадиган Электр токи конвекцион ток деб аталади. Силжиш токи деб аталадиган ток ҳам мавжуд. Бу ток зарядлар ҳаракатига боғлиқ бўлмай, балки электр майдон кучланганлигининг вақт бўйича ўзгаришига мутаносиб (пропорционал) бўлади. Силжиш токи магнит майдон ҳосил қилиш хусусияти жиҳатидангина ўтказувчанлик ва конвекцион токка эквивалентдир.

Электр токининг мавжудлигини ток туфайли юз берадиган қуйидаги таъсир ёки ҳодисаларга қараб билиш мумкин:

1) иссиқлик таъсири — ток ўтаётганда ўтказгич (ўта ўтказгич бундан истисно) қизийди;

2) кимёвий таъсири — Э. т. ўтказгичнинг кимёвий таркибини ўзгартиради (мас, электролиз ҳодисаси); 3) магнит таъсири (мас, токди ўтказгич ёнида магнит милининг оғиши, электромагнитлар);

4) куч таъсири (мас, магнит майдонида токли ўтказгичнинг оғиши, электр двигателлар);

5) ёруғлик таъсири (мас, сийракланган газларда разряд, электр ёйи). Ток кучи амперметр, миллиамперметр, микроамперметр ва галъванометр билан ўлчанади.

Суннат Ғоибов.

Loading...