ЭЛЕКТРЛИ ЛАҚҚА БАЛИҚЛАР

ЭЛЕКТРЛИ ЛАҚҚА БАЛИҚЛАР — лаққалар туркумига мансуб чучук сув балиқлари оиласи. Уз. 65 см (айрим манбаларда 1 м гача), мўйловлари 3 жуфт. Орқа сузгичи бўлмайди, ёғ сузгичлари яхши ривожланган, кўкрак сузгичлари тикансиз. Териси остида жуфт электр органлари жойлашган. Электр органлари танасининг орқа ва бўйин қисми ўрта чизиғида ўзаро ёндошган бўлади. Электр органлари оғирлиги балиқ танаси умумий массасининг 25% ни ташкил этади; электр разряди кучи 360 В га боради. 1 тури Ғарбий Африка сувлари ва Нил дарёсида тарқалган. Олабула тусда. Кўзи қоронғиликда нурланади. Электрли лаққа балиқлар электр органларидан ўлжасини тутишда фойдаланиши аниқланмаган.