ЭЛЕКТРОЭНЦЕФАЛОГРАФИЯ

ЭЛЕКТРОЭНЦЕФАЛОГРАФИЯ (электро… ва юн. бош мия ва… графия) — бош мия фаолиятини текшириш усули; бош миянинг биоэлектрик фаоллигини электроэнцефалограф воситасида ёзиб олиш. Бош мияда содир бўладиган биоэлектрик фаол ҳаракатларни ёзиб олиш мумкинлиги ва уни клиник аҳамиятини илк марта немис психиатри Ганс Бергер аниклаган (1929).

Электроэнцефалографиядан тадқиқот ва диагностика мақсадларида фойдаланилади.

Мия ҳам ўз фаолиятида, худди бошқа аъзо ва тўқималар сингари, жуда кичик электр юритувчи куч (э. ю. к.) ҳосил қилиб туради. Уни электроэнцефалографда қайд этиш мумкин. Бунинг учун текширилаётган одам бошига пластинкасимон электродлар қўйилиб, улар аппаратга уланади, аппарат миянинг биопотенциалларини ёзиб боради.

Бемор бошига электродларни ўрнатиш схемаси турлича, энг қулайи бу Юинг усули бўлиб, унда 12 электрод ишлатилади. Ҳар хил частотали тўлқинлар, турли фаза ва амплитудаларни акс эттирувчи эгри чизиқ — электроэнцефалограмма (ЭЭГ) миянинг мураккаб тузилишидаги хусусиятлар, бош мия пўстлоғидаги нейрон ва синапсларншк функционал ҳолатига қараб ҳар хил кўринишда бўлади. Электроэнцефалография мияни нафақат физиологик, балки патологик ҳолатларини ҳам қайд қилиши мумкин.

Замонавий Электроэнцефалография аппаратлари кўп каналли (кўп тармокли) бўлиб, унинг ҳар бир канали мустақил кучайтириш, фильтрлаш блоки (кераксиз тўлқинлардан тозалаш учун ва бошқалар), бош миянинг барча қисмларидан керагини танлаш учун тўплаш (коммутатор) блоки ва ўзиёзар (сиёҳли) ғалтакли гальванометр билан таъминланган.

Ҳоз. электроэнцефалограф аппаратлари 8—24, баъзан 32 каналли бўлиб, клиник диагностикада 8 ёки 16 каналлигидан фойдаланилади; текширув ўтказиладиган хона ёруғ ва товушдан ҳимояланган, текширувчи ёки беморга ҳеч қандай таъсиротлар халал бермайдиган бўлиши керак. Шунингдек, уни беморга (мижозга) мутлақо безарар ва оғриқсиз эканлиги ҳам тушунтирилиши лозим.

Маълумки бош мия биопотенциаллари жуда кичик, шу боис уни ёзиб олишда кучли электрон кучайтиргич (усилитель) зарур бўлади.

Электроэнцефалографияни монополяр ва биополяр усулларда ёзиш ҳамда уни хоҳлаган комбинацияда амалга ошириш мумкин.

Электроэнцефалография жараёнида турли функционал қўзғотиш усулларини қўллаш мумкин, бу сунъий қўзғотиш бош мияни фаоллаштириб, айрим юзага чиқмаётган «тўлқинларни» жонлантиради, бу «чақирилган» электротўлқинлар орқали тегишли касалликни аниқласа бўлади.

Электроэнцефалография ёзиш пайтида беморни ёши, умумий аҳволи ҳамда касалликнинг келиб чиқиши ва бошқалар кўпгина ҳолатларга аҳамият бериш лозим. Электроэнцефалография шифокорга муҳим маълумот беришига қарамай, уни барча клиник текширишларга қўшимча диагностика усули деб қараш мумкин.