ЭЛЕКТРОФОТОГРАФИЯ

ЭЛЕКТРОФОТОГРАФИЯёруғлик сезгир электрофотографик материаллар (ЭФМ) да, яъни ёруғлик таъсирида электр ўтказувчанлигини ўзгартирадиган фотояримўтказгич (ФЯЎ) қатлам (ўтказгич асосига суркаладиган) да фотографик тасвир ҳосил қилиш жараёни. Тасвир ҳосил қилишдан олдин ФЯЎ қатламнни ионлар билан зарядлаб, унинг сезгирлиги оширилади. Кейин ЭФМ экспозицияланади (маълум муддат ёритилади), натижада ФЯЎ нинг ёритилган жойларидан асосга заряднинг бир қисми «оқиб» ўтади, ёритилганлик қанчалик юқори бўлса, заряд шунчалик кўп оқиб ўтади. Натижада ФЯЎ сиртида объектнинг берк фотографик тасвири (БФТ) ҳосил бўлади. Сўнгра БФТ кўринадиган тасвирга айлантирилади (визуаллаштирилади).

БФТ ни визуаллаштиришнинг бир неча усули бор. Визуаллаштириш учун қуруқ кукундан фойдаланилади (ксерография). Заряд ишорасини ва кукун рангини ўзгартириб, ҳам позитив, ҳам негатив оққора ёки рангли тасвир ҳосил қилиш мумкин. ЭФМ сифатида фотоэлементлардан ҳам фойдаланилади. Электрофотографияни матн ва график материалларни кам нусхада кўпайтиришда — репрографияца кенг қўллаш мумкин. Электрофотографиядан техниканинг кўп соҳаларида, мас, рентгенография, электронография, нейтронография, спектроскопия ва бошқаларда фойдаланилади.