ЭЛЕКТРОЛИЗ (электро… ва …лиз) қиздириб суюқлантирилган электролит ёки унинг сувдаги эритмаси орқали ўзгармас электр токи ўтганида электродларда содир бўладиган оксидланишқайтарилиш жараёнлари. Электролизнинг моҳияти кимёвий реакцияни электр энергияси ҳисобига амалга оширишдан иборат. Электр токи берилганда ионларнинг электрон қабул қилиш ёки электрон бериш ҳодисаси бирламчи жараённи ташкил қилади. Бу жараён натижасида кўпинча Электролизнинг дастлабки маҳсулотлари ҳосил бўлади. Электролиз маҳсулотлари соф ҳолда ажралиб чиқиши ёки эритувчи билан ўзаро кимёвий реакцияга киришиши мумкин. Иккинчи ҳолда Электролизнинг иккиламчи маҳсулотлари ҳосил бўлади. Қиздириб суюклантирилган электролитлар Э. қилинганида фақат бирламчи маҳсулотлар чиқади. Электролитларнинг сувдаги эритмаларида Электролиз анча мураккаб боради, чунки кўпинча иккиламчи жараёнлар содир бўлади. Умуман Электролиз жараёнининг бориши ва Электролиз охирида қандай маҳсулотлар ҳосил бўлиши бирламчи маҳсулотлар, эритувчи табиати, электродларнинг қандай материалдан ясалгани, тра, электродлардаги токнинг зичлиги ва ҳ. к. га боғлиқ. Катод, яъни доимий ток манбаининг манфий қутбига уланган электрод қайтарувчилик ролини бажаради, анод эса (яъни манбанинг мусбат қутбига уланган электрод) оксидловчи сифатида хизмат қилади. Электродларда ажралиб чиқадиган моддаларнинг массалари, ток кучи ва Электролиз давом этадиган вақг орасида математик тенгламалар билан ифодаланадиган боғланишлар мавжуд (қ. Фарадей қонунлари).
Электролиз саноатнинг турли соҳаларида кенг қўлланади. Кимё саноатида хлор ва ишқорлар олишда, хлорат, перхлорат, персульфат кислота, калий перманганат, соф ҳолдаги водород, фтор ва бошқалар қимматли маҳсулотлар ҳосил қилишда, рангли металлургияда металларни рафинациялашт Электролиздан фойдаланилади. Турли металларнинг бирикмаларини қиздириб суюқлантириб, Электролиз ёрдамида ўша металлар ажратиб олинади. Машинасозлик, радиотехника, электроника, полиграфия саноатларида турли буюмлар сиртини металлар билан қоплашда ва бошқаларда Электролиз қўлланади.