ЭЛЕКТРОМАГНИТ МАЙДОН

ЭЛЕКТРОМАГНИТ МАЙДОНэлектр зарядларнинг ўзаро таъсири бевосита амалга ошадиган физик реаллик; материянинг алоҳида шакли. Электр ва магнит майдонларнинг кучланганлиги (индукцияси) билан ифодаланади. Ж. Максвелл Э. м. назариясини электромагнит ҳодисаларнинг барча асосий қонуниятларини ифодаловчи бир неча тенгламалар системаси кўринишида ифодалаган (1860). Ж. Максвелл назариясининг асосида электр ва магнит майдонларнинг ўзаро узвий боғланишда эканлигини ифодаловчи ушбу 2 ғоя ётади:

1) вақт давомида ўзгарувчи ҳар қандай магнит майдон электр майдонни юзага келтиради ва

2) вақт давомида ўзгарувчи ҳар қандай электр майдон магнит майдонни юзага келтиради. Ж. Максвеллнинг биринчи ғояси тўғрилигини электромагнит индукция ҳодисаси тасдиқлайди, иккинчисини эса Г. Герц электромагнит тўлқинларни кашф қилиши билан исботлади. Махсус шартшароитларда Электромагнит майдон электр майдон ёки магнит майдон кўринишида мавжуд бўлиши мумкин. Моддий жисмлар таркиб топган атомлар тенг миқдордаги мусбат ва манфий электр зарядларга эга. Атомдаги бу зарядларнинг Электромагнит майдон орқали ўзаро таъсир қилиши ҳар қандай ҳолатдаги жисм (газ, суюқлик, қаттиқ жисм, плазма)нинг хусусиятларини белгилайди. Электромагнит ўзаро таъсир табиатда мавжуд уч хил физик ўзаро таъсирларнинг бири ҳисобланади.

Зарядларнинг фазода қандай тақсимланганлиги ва қандай ҳаракат қилиши маълум бўлса, бу зарядлар ҳосил қилган Электромагнит майдон катталикларини аниқлаш мумкин.

Loading...