ЭЛЕКТРОН ЭМИССИЯ — қаттиқ жисм ёки суюқликнинг электр майдон, қиздириш, электромагнит нурланиш, электронлар оқими ва бошқалар ташқи омиллар таъсирида электронлар чиқариши. Унинг автоэлектрон эмиссия, термоэлектрон эмиссия, фотоэлектрон эмиссия, иккиламчи эмиссия ва бошқалар турлари мавжуд. Ташқи омиллар таъсирида қаттиқ жисм ёки суюқликдаги электронларнинг бир қисми жисм сирти чегарасидаги потенциал тўсиқни енгиб ўтишга етарли энергия олганда ёки электр майдон таъсирида потенциал тўсиқ жисм ичида энг юқори энергия олган электронлар учун кучсиз (шаффоф) бўлиб қолганда Электрон эмиссия юз беради. Электрон эмиссияни кузатиш учун жисм (эмиттер) сиртида электронларни тезлаштирувчи ташқи электр майдон вужудга келтириш лозим. Бу электр майдон эмиттер сиртидан электронларни «сўриб олади». Э. э. дан илмий текшириш ишларида, электрон асбоблар ва лампалар яратишда фойдаланилади.