ЭЛЕКТРОН ПОЧТА (e-mail) — маълумотларни узатиш тармоғи орқали ахборотларни бир фойдаланувчи электрон қутисидан бошқасиникига жўнатиш, қабул қилиш ва маълум вақтгача сақланишини таъминловчи дастурийтехник воситалар тўплами. Электрон почта ахборотларни тармоқнинг бир пунктидан бошқасига тезкор узатишни таъминлайди. Электрон почтада махсус шлюзлар орқали ҳар хил электрон ахборот тизимлари воситасида ахборотлар дунёнинг исталган бурчагига узатилади. Электрон почтадан узлуксиз равишда ёки маълум вақт (сеанс)ларда фойдаланиш мумкин. Электрон почта20-аср нинг 60-й. ларида «катта» ҳисоблаш машиналарида «кўп фойдаланувчилар тартиби» дастурининг ишлатилишидан бошланган. 1989 йилда биринчи марта тижорат почта хизматлари билан интернет ўртасида алоқа ўрнатилди.
Ўзбекистон ҳудудида Электрон почта хизмати 1990—91 йилларда маълумот узатиш тармоғи операторлари томонидан тақцим этила бошланди. 1997 йилда Тошкент почтамти корхонасида «Ке1сот» тармоғи орқали Электрон почта хизматлари пункти ишга туширилди. Ҳозир Ўзбекистонда фуқаролар, корхоналар, хонадонлар интернет тизимига уланган компьютерлар ва «Интернет кафе»лар орқали Электрон почтадан фойдаланадилар. Интернетга чиқиш имконияти бўлмаган мижозлар учун «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик тармоғи орқали Электрон почта ва гибрид почта (почтани қабул қилиш, ишлов бериш ва етказиш жараёнида Электрон почта ва анъанавий почта ресурслари ишлатилади) хизматларини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Гибрид почта орқали корхона, ташкилотлар ва ўқув муассасаларидан олинган ахборот, хабар, реклама, таклифнома, чақирув қоғозлари ва бошқалар почта ходимлари томонидан олувчиларнинг манзилларига етказилиб берилади.