ЭЛЕКТРОНОПТИК АБЕРРАЦИЯЛАР

ЭЛЕКТРОНОПТИК АБЕРРАЦИЯЛАР — электроноптик тизим (мас, электрон линзалар)нинг рисоладагидек (идеал) эмаслиги ва бошқалар омиллар туфайли тасвирнинг бузилиши (аниқ чиқмаслиги, аслига тўлиқ мос келмаслиги ёки чаплашиб кўриниши) (қ. Аберрация). Электроноптик қурилмаларда тизимнинг оптик ўқига нисбатан симметрик тарзда айланадиган электр ва магнит майдонлар кенг қўлланади. Шундай майдонларга эга бўлган электрон линзалар (ЭЛ) ва электрон кўзгулар (ЭК) симметрик ўқли системалар деб аталади. Агар зарядланган зарралар майдоннинг симметрия ўқига анча яқин ҳаракатланса ва уларнинг бошланғич тезликлари бир-биридан унча фарқ қилмаса, бундай линза ва кўзгулар тўғри электроноптик тасвирларни ҳосил қилади. Агар бу шартлар бажарилмаса, тасвир анча бузилиб чиқади. Тасвирнинг бузилиб чиқишига бошқа сабаблар ҳам бор. ЭЛ ва ЭК сифат жиҳатидан ёруғлик оптик тизимлардан анча паст ҳисобланади. ЭЛ ва ЭК ларда электрон зарралар дасталари ва уларнинг ўзаро жойлашув тартиби бузилиши мумкин, бундай бузилишлар геометрик аберрациялар (сферик аберрация, кома, астигматизм, тасвир майдонининг эгрилиги, дисторсия) деб аталади. ЭЛ ва ЭК ларни энергия билан таъминлаш манбалари ва юқори кучланишли манбаларнинг нобарқарорлиги дам Э. ю. а. га сабаб бўлади, чунки фокусловчи ток ёки кучланиш ўзгариши мумкин. Булар хроматик аберрацияни келтириб чиқаради. Хроматик аберрациянингкатталаштириш ва буриш (фақат магнит линзаларда) хиллари бўлади. Бундан ташқари, дифракцион аберрация (электронлар, нейтронлар, атомлар, молекулалар ва бошқалар сочилиши) ҳам мавжуд. Мураккаб электроноптик тизимлардаги аберрацияни бартараф қилиш анча қийин масала бўлиб, бунинг учун линзаларни муайян тарзда уйғунлаштириб танлашга тўғри келади.