ЭЛИМИНАЦИЯ

ЭЛИМИНАЦИЯ (лот. — остонадан чиқараман, олиб ташлайман) — ташқи муҳитнинг ҳар хил абиотик ва биотик омиллари таъсирида организмларнинг ҳалок бўлиши. Элиминация яшаб қолишнинг тескари маъноси. Табиий танланиш ва эволюция жараёни йўналишини ўрганишда Элиминация шакллари турли тарзда тасниф қилинади. Одатда, Элиминация умумий (танланмайдиган) ва танланадиган шаклларга ажратилади. Умумий Элиминация — популяцияга турнинг экологик пластиклигидан четга чиқадиган муҳит омилларининг таъсири натижасида индивидларнинг оммавий қирилиб кетишидан иборат. Танланадиган Элиминация — яшаш учун кураш таъсирида тур индивидларининг атроф муҳит омилларига камроқ мослашган қисмининг ҳалок бўлиши. Танланадиган Элиминация табиий танланиш таъсири интенсивлигининг кўрсаткичи ҳисобланади.