ЭЛИОТ Томас Стериз

ЭЛИОТ Томас Стериз (1885.26.9, Сент Луис, Миссури штати — 1965.4.1, Лондон) — инглизамерика шоири ва адабий танқидчиси. Гарвард ун-тини тугатган (1910). Дастлабки шеърий тўплами — «Пруфрок ва бошқа кузатишлар» (1917). 1920 йилда «Шеърлар» мажмуаси ва «Муқаддас ўрмон» адабий-танқидий асари нашр этилган.

Элиот 1927 йилда Англияга кўчиб келган, Британия фуқаролигини қабул қилиб, инглиз католицизмига эътиқодини «Яенселот Эндрюс ҳимояси» (1928) Публицистик асарида ёрқин баён этган. «Кулга қўмилган муҳит» (1930), «Турт квартет» (1943) каби асарлари Элиотнинг мазмун ва шаклда янги поғоналарга кўтарилганидан далолат беради. Тақдири азалнинг қудрати, эрк тушунчасининг том маънодаги моҳияти унинг «Ибодатхонадаги қотиллик» (1935) шеърий драмасида акс этган. Бундан ташқари, «Оиланинг қайтадан бирлашиши» (1939), «Коктейл билан ташкил қилинган ўйинкулги кечаси» (1950), «Шахсий котиб» (1954), «Ёши улуғ давлат арбоби» (1956) каби асарларида ҳам ана шундай ғоялар етакчилик қилади.

Элиотнинг адабий танқид ва тарих илми соҳасидаги серқирра фаолияти унинг учун дастурий кўриниш олган «Поэзия ва танқидни белгилаш» (1933), «Маданият» тушунчасини белгилаш юзасидан қайдлар» (1948), «Шоирлар ва шеърият ҳақида» (1957) каби ишларида акс этган.

Э. Лафарг асослаган француз символизми, Э. Паунднинг эстетик дунёқараши таъсири ўлароқ унинг шеърларида ўлим ва мангулик, ҳаёт моҳияти мавзулари метафизик нуқтаи назардан талқин қилинган. Сиқиқлик, такрорланмас образлилик, тасвирдаги аниқлик, тилдаги жозиба Элиот услубининг ўзига хос белгиларидандир. Нобель мукофоти лауреати (1948).

Ас: Бесплодная земля, М., 1971.

Prev Article

ЭЛИКСИР

Next Article

ЭЛЛАДА