
ЭЛИТА
ЭЛИТА (франц. — энг яхши, сара) — социология ва сиёсатшуносликдаги тушунча. Жамиятда бошқарув вазифаларини бажарувчи, фан ва маданиятни ривожлантирувчи олий имтиёзли ижтимоий қатламни англатади. Элита назарияси Платон, Карлейл, Ницше томонидан олға сурилган бўлса ҳам, қарашлар тизими сифатида 20-асрда В. Парето, Г. Моско, Ч. Миллс ва бошқалар томонидан таърифлаб берилди. Ушбу назарияга қўра, Элита туғма истеъдодли одамлар орасидан пайдо бўлади. Элитанинг 5 тоифаси — сиёсий, иқтисодий, маъмурий, ҳарбий ва мафкуравий Элита ажратиб кўрсатилади. Улар бир-бирига мослашади ва тоталитаризм вужудга келишининг олди олинади. Иқтисодий Элитага, жумладан, йирик бизнесменлар, саноатнинг етакчилари, молия магнатлари киритилади, улар олдиндан кўра билиш, ташаббускорлик ва ишбилармонлик истеъдоди бўлган шахслар ҳисобланади. Элита назариясига кўра, ташаббускор ва ишчан ҳар қандай одам, иши юришиб кетса, Элитага кириши мумкин.