ЭЛЛИКБОШИ

ЭЛЛИКБОШИ — ҳарбий-маъмурий унвон. Ўрта Осиё хонликларида юзбоишдан кейинги мансаб; 50 нафар аскардан иборат ҳарбий қисм бошлиғи ҳамда 50 нафар аскар ажрата олувчи маҳалла, қишлоқ ёки овул раҳбари. У мингбоши томонидан тайинланган. Бу мансаб Қўқон хонлигида кенг тарқалган. Подшо Россияси Туркистон ўлкасини босиб олгач, Элликбоши унвони тугатилган.

Туркистонда совет режимига қарши қуролли ҳаракат даврида Шермуҳаммадбек томонидан Фарғона водийсида Элликбоши, юзбоши ва мингбоши лавозимлари қайта тикланган. 20-асрнинг 1-чорагида — совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида Ўзбекистон ССРда шаҳарда маҳалла қўмитасининг раиси, қишлоқда эса қишлоқ оқсоқоли Элликбоши деб аталган. Кейинчалик бу сўз истеъмолдан чиқиб кетган.