ЭЛЛИНГТОН

ЭЛЛИНГТОН Дюк (тахаллуси, асл исми Эдуард Кеннеди) (1899.29.4, Вашингтон 1974.24.5, Нью-Йорк) — африкаамерикалик пианиночи, композитор, жазоркестри раҳбари; мумтоз жаз санъати асосчиларидан. Бир неча академиялар фахрий аъзоси. 1916 йилдан турли жаз ансамблларида қатнашган, 1927 йилда жаз оркестрини ташкил қилиб, таркибига машҳур созандаларни жалб қилган, у билан жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида концертлар уюштирган. Эллингтон биринчи бўлиб жазда йирик мусиқий шакллар (оркестр учун сюиталар — «Либерия сюитаси», «Тунги одам», «Шекспир драмаларидан 12 лавҳа» ва бошқалар, «Диний мусиқа концерти»), ўзига хос оҳанг берувчи африка мусиқа чолғуларидан фойдаланган. Унинг оркестри жўрлигида буюк хонандалар куйлаган. Америка қоратанлилар фольклори, маиший жаз куй ва қўшикдаридан кенг фойдаланиб, янги («жунгли», «кайфиятлар» ва бошқалар) услубларини кашф қилган; жаз мусиқасини концерт санъати даражасига кўтарган. Кўпгина оммалашган куйлар («Индиго кайфияти», «Карвон», «Ёлғизлик», «Синалган хоним» ва бошқалар), шунингдек, спектакль ва кинофильмлар учун мусиқалар, балетлар, «Була» операси ва бошқаларни яратган. Жаҳон бўйлаб гастролда бўлган. Кўпгина миллий («Грэмми» ва бошқалар) мукофотлар билан тақцирланган.