ЭЛЛИНИЗМ

ЭЛЛИНИЗМ — Македония, Юнонистон, Ўрта денгизнинг шарқий соҳиллари, Ғарбий Осиё, Қора денгиз атрофидаги мамлакатлар тарихининг Александр (Искандар) истилоси (мил. ав. 334—323 йиллар)дан мил. ав. 30 йилда Миср Рим қўшинлари томонидан ишғол этилган пайтгача ўтган давр. «Эллинизм» атамаси илмда дастлаб немис олими И. Г. Дройзеннинг 1836—43 йилларда чоп этилган 2 жилдли «Эллинизм тарихи» асарида қўлланган ва ушбу атама орқали эллинларнинг Шарқ мамлакатларидаги ҳукмронлиги ва улар маданиятининг Шарқ халқлари маданияти билан уйғунлашиб ҳосил қилган янги маданият тушунилган. Кейинчалик айрим тадқиқотчилар эллинистик олам ҳудуди ва давр доирасини кенгайтириб, маданияти юнонлар таъсирида шаклланган барча мамлакат ва халқларни кўзда тутадилар. «Эллинизм» деганда, юнон маданияти ривожинигина назарда тутиб, юнон маданиятидан Рим маданиятига ўтиш даврининг ўзи, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор.

Мил. ав. 336 йилда Македония шоҳи Александр Юнонистонни забт этиб, юнон, македон халқларидан тўпланган катта қўшин билан Шарқ мамлакатларига қарши уруш бошлайди ва кўп ўтмай Ҳиндистонга қадар чўзилган бепоён ўлканинг якка ҳукмдорига айланади. Александр вафот этганда (мил. ав. 323 йил), унинг давлати таркибида Болқон я. о., Эгей денгизидаги ороллар, Кичик ва Ғарбий Осиё, Миср, Марказий Осиёнинг бир қисми бор эди. Александр вафот этгач, унинг меросхўрлари ўртасида ҳокимият учун кураш бориб, мамлакат парчаланиб кетган. Шу тариқа эллинистик давлатлар юзага келган. Бироқ Эллинизм даврида бу ҳудуддаги турли мамлакат ва вилоятлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг турли поғонасида бўлганлар: баъзиларида қулдорлик муносабатлари (Македония), айримларида полис тузуми тарқалиб, қулчилик ва қулликнинг антик шакллари вужудга келган (Миср, Салавкийлар давлати). Кўпгина қабилалар (айниқса, эллинистик давлатларнинг чегара ҳудудларида яшаганлар) учун эса уруғчиликдан синфийлик жамиятига ўтиш даври бўлган.

Эллинизм даври шарқий мамлакатлар учун тараққиётнинг янги босқичи бўлди. Юнонмакедонияликлар Шарққа ишлаб чиқариш малакаларини, ўз давлат ва ҳуқуқ меъёрларини, урф-одат, дин ва маданиятларини олиб келдилар, ўз навбатида, Шарқдан ўргандилар ҳам. Давлат бошқарувида қадимий шарқий монархия усулларидан фойдаланилди. Пул ва савдосотиқ муносабатлари ривожланган ўлкалар (Месопотамия, Сурия, Кичик Осиё)да полислар равнақ топди. Полислар ўзгарди, яъни улар мустақил республика бўлмай, маълум сиёсий ва иқтисодий имтиёзларга эга шаҳар жамоаларига айландилар.

Юнонларнинг қадимий номи — «эллинлар» атамаси ўз этник мазмунини аста-секин йўқота бориб, македониялик, юнон ва маҳаллий юқори табақага мансуб кишиларни ифодалайдиган сўзга айланиб қолди.

Меросхўр (диадох)лар ўртасидаги курашлар мил. ав. 3, мил. ав. 2-аср бошларида ҳам давом этди. Птолемейлар империяси, Салавкийлар давлати, ҳудудий жиҳатдан улардан кичик бўлса ҳам, ижтимоий тузум жиҳатидан уларга яқин бўлган Пергам ва Кичик Осиёдаги бошқа ҳукмдорликлар, юнон полислари, эллинистик оламнинг чеккаларидаги Скифлар подшолиги, Арманистон, Парфия ва бошқалар ўртасида тинимсиз урушлар халқ бошига қўп офатлар келтирди. Шунга қарамай денгиз соҳиллари билан мамлакат ичкарисидаги ҳудудлар ўртасида иқтисодий алоқа яхшилана борди, маҳсулот ишлаб чиқариш, савдо (хусусан, ташқи савдо) ривож топди. Шаҳарлар савдо ва ҳунармандчилик марказлари сифатида юксалди (Искандария, Родос о., Антиохия, Салавкия, Пергам). Миср, Сурия, Кичик Осиё, Юнонистон ва Македония ўртасида доимий денгиз йўли мавжуд эди. Қизил денгиз ҳамда Форс қўлтиғи бўйлаб Ҳиндистонга савдо йўли очилди. Миср Қора денгиз атрофлари Карфаген ва Рим билан савдо алоқасини йўлга қўйди. қадимий карвон йўлларида полислар ва гаванлар юзага келди. Шу билан бирга, ушбу давр полислар федерацияси (иттифоқи)га эҳтиёж туғдирди (бир неча полислар бирлашди). Аммо бу иттифоқлар орасида ҳам низолар давом этди, ижтимоий қураш кучайди. Мил. ав. 2—1-асрларда исёнлар ва озодлик ҳаракатлари жонланди. Аттика, Пергам, Делос о. ларида қуллар исёни, Миср ва Салавкияда деҳқонлар қўзғолони юз берди. Айни пайтда Римнинг мавқеи оша борди. У мил. ав. 197 йилда Кичик Осиёни, Эгей денгизидаги оролларни ва Юнонистонни босиб одди. Рим Эллинизм давлатларини биринкетин ишғол этиб, мил. ав. 30-й. да Мисрни ҳам қўлга киритди ва Эллинизм даврига барҳам берди.

Эллинизм даврида турли халқларнинг маданият даражалари ҳар хил бўлган бўлсада, ўзига хос ривожланиш юз берган эди. Эллинистик мамлакатларда табиий фанлар (жумладан, математика), кемасозлик, ҳарбий санъат ва шаҳарсозлик ривож топди. Денгиз соҳилларига кўпгина маёқлар қурилди, савдо йўллари барпо этилди, савдо кемалари кўпроқ юк кўтарадиган ва тезроқ сузадиган даражага етдилар.

Тараққиёт асосан илм-фан борасида бўлиб, аввало, юнонларнинг илк бор Шарқ маданияти билан яқиндан танишишлари уларнинг онгини яна ҳам кенгайтириб, фаннинг ривожига кучли таъсир кўрсатди. Шу даврда ижод қилган олимлардан Эвклид, Архимед — математикани; Аристарх, Гиппарх — астрономияни; Эратосфен — географияни юксак даражага кўтариб, жаҳон илмининг келгуси тараққиётига йўл очдилар. Олимлар, шоирлар ва санъат аҳлининг ишлари учун қулай шароит туғдириш мақсадида Мисрнинг дастлабки Птолемей хоқонлари Искандария шаҳрида ҳоз. фанлар академиясига ўхшаш муассаса — «музей», яъни музалар кошонаси очадилар. Юнонистоннинг турли ерларидан чақирилган олимлар музей дарсхоналарида маърузалар ўқийдилар, лаб. ларда ҳар хил тажриба ишлари ўтказадилар. Музей қошида махсус кутубхона бўлган. Мил. ав. 3-асрнинг ўрталарида музей қироатхоналарида ярим млн. га яқин папирус ўрамлари сақланган. 2-асрнинг бошларида ташкил этилган Пергам кутубхонасининг фонди Искандарияникидан қолишмас эди. Иқтисодий рақобат туфайли, Птолемейлар ҳукумати Мисрдан Пергамга папирус чиқаришни тақиқлаб қўйишганида, пергамликлар теридан ишланган ва «пергамент» деб аталувчи махсус ёзув материали кашф қилдилар. Олимлар эса музейларда бадиий асарларнинг фақат матнини текшириш, яъни уларнинг тўғрилигини аниқлаш, хатоларини тузатиш, бошқалар томонидан киритилган қўшимчаларни чиқариб ташлаш ва ҳ. к. ишлар билан шуғулланганлар. Шу тариқа Эллинизм даврида адабиётшунослик — филол. илми юзага келди. Искандария филологлари, асосан, Гомер асарларини ўрганганлар.

Эллинизм даврида илм-фан, маърифат, маданият, санъат ва адабиёт тамомила эллин ҳукмдорлари тасарруфида бўлган. Искандария музейининг ходимлари давлатдан маош олганлар, махсус биноларда яшаганлар, кутубхона раҳбарлари эса подшоҳларнинг валиаҳдларига тарбиячи бўлганлар. Эллинизм даврида кенг ёйилган фалсафий таълимотлар Миср ҳукмдорларининг манфаатларига зид бўлганлиги боис Искандария музейларида фалсафа билан шуғулланиш тақиқланган. Бинобарин, Афина шаҳри юнон оламининг фалсафа маркази бўлиб қолган ва янгиданянги таълимотлар шу ерда юзага келиб, кейин бошқа томонларга тарқалган.

Эллинизм фалсафаси бу давр учун муҳим омилдир. Юнон оламида бошланган ижтимоий ўзгаришлар натижасида туғилган сиёсий лоқайдлик, бепарволик ва умидсизлик кайфиятлари бирмунча фалсафий таълимотларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Мазкур оқимларнинг энг муҳимлари — эпикурчилар, стоиклар ва киниклар фалсафасидир.

Эпикур (мил. ав. 344—270) ўз таълимотида Демокритнинг атом назариясини янада такомиллаштириб, ахлоқ масалаларига доир маънавий хулосалар чиқарган. Унингча, модомики, бутун коинот, ҳатто одамнинг руҳи ҳам атомлардан иборат экан, табиатда ҳеч қандай ғайритабиий ҳодисаларнинг бўлиши мумкин эмас. У турли бидъатларни рад этади. Коинот ҳақидаги нотўғри тушунчалар одамни ҳар доим қўрқув ва таҳликага солиб, унинг осуда ҳаёт кечиришига халақит қилади. Бўлмағур хавфхатарлардан қутулмас экан, инсон ҳаётнинг лаззатларини ҳис этмайди, роҳатни билмайди. Ваҳоланки, яшашнинг чин маъноси — ҳаёт гаштини сурмоқдир. Бироқ ҳар бир одам ҳақиқий роҳатни ташқи оламдан эмас, балки ўз ички дунёсидан, руҳий эркинликдан ва дилнинг осойишталигидан ахтармоғи керак.

Стоиклар фалсафаси ҳам кўп жиҳатдан Эпикур фикрларига яқин. Бу оқимга асос солган Зенон (мил. ав. 335— 253) ўзининг машғулотларини Афинадаги пешайвон тахлит бинода ўтказган. Шунинг учун юнонча «стоя» (пешайвон) сўзи кейинчалик ушбу оқимга нисбат берилган. Эпикурчилар руҳий осойишталик принципларини тарғиб қилган бўлсалар, стоиклар шафқат, саховат ғояларини тарғиб қилганлар. Уларнинг фикрича, одам боласи эҳтиросларнинг таъсирини енгиб, тақдирнинг изми, табиат қонунлари асосида маънавий эркин ҳаёт кечирмоғи лозим.

Мил. ав. 4-асрда Суқротнинг шогирди Антисфен томонидан яратилган киниклар фалсафаси, шу таълимот тарафдорларининг машғулоти ўтадиган жой — «киносагерс» номи билан юритилади. Улар жамиятдаги барча расмий таомилларни, ҳатто ахлоқодоб қоидаларини инкор қилиб, инсонни табиий ҳолатга қайтишга ва сохта удумларни ташлаб, оддий ҳаёт кечиришга чақирадилар.

Улар ўз таълимотларини эпикурчиларнинг беташвиш умр кечириш ғояларига қарши қўйиб, қашшоқлик ва гадоликнинг афзаллигини тарғиб этадилар. Киникларнинг бу хилдаги «қашшоқлик фалсафаси» ҳукмрон табақанинг барча анъаналарига қарши қаратилган исён эди. Иқтисодий манфаатдан, ижтимоий вазифалардан кечиб, ҳар қандай расмиятчилиқдан халос бўлган ва шахсий эркинликни йўқотмаган ҳолда яхши яшашни тарғиб этиш орқали улар хусусий мулкни, қулдорликни, диний тушунчаларни, никоҳ тартибларини ва бошқалар усулу қоидаларини инкор этадилар ва шу йўсинда аъёнларнинг барча маънавий маданиятларига ва расмий ҳаётларига нафрат билан қараганликларини намойиш қилганлар.

Адабиёт ва санъат саройга, эллинистик жамиятнинг юқори табақалари манфаатларига хизмат қилдирилган. Антик адабиётда, хусусан, драматургияда муҳим ўрин тутадиган ижтимоийсиёсий ва ахлоқий мавзулар Эллинизм адабиётида саёзлаша бориб, илгариги жанговар руҳини йўқотиб, торинтим доирага тушиб қолган. Маишийоилавий, ишқий кечинмалар ҳақидаги асарлар ёзиш одат тусига кирган. Бироқ Афинанинг ўзидаги адабиёт («янги аттика комедияси» деб аталувчи йўналиш) бундан истисно эди. Бу даврнинг жаҳон адабиётига қўшган муҳим ҳиссаси ҳам «янги комедия»дир. Бу ибора адабий истеъмолга эски замонларда киритилган бўлиб, Эллинизм даврида пайдо бўлган комедиянинг янги турини аттика давридаги «қадимги» комедиядан ҳамда 4-асрдаги «ўрта» комедиядан ажратиш мақсадида ишлатилган. Эврипид томонидан драматургияга киритилган қатор янгиликлар ва «ўрта» комедиянинг ижодий усуллари янги оқимнинг шаклланиши ва тараққий этишида адабий мактаб вазифасини бажарди. Эллинизм оламида «янги комедия» қарийб 200 йил (мил. ав. 4-асрнинг 2-ярми — 2-асрнинг 1-ярми) умр кўрди. Бу жанрда ижод қилган шоирларнинг сони 160 дан ортиқ бўлган. Улардан Филемон (тахм. 361 — 263), Дифил (тахм. 350263) ва Менандрнинг (тахм. 343—292) номи алоҳида таъкидланади. Менандр ўзининг баъзи драмаларида («Ҳакам суди», «Қирқилган соч») даврнинг долзарб масалаларини, психологик жараёнларни қўрсатишга интилган.

Эллинизм давридаги комедиянавис шоирларнинг бизга қадар етиб келган асарларида (уларнинг кўпчилиги томошабинга манзур бўлиши учун) асосий эътибор комедиянинг ташқи таъсирчанлигини оширишга қаратилган. Айримларида ҳаётда бўлмайдиган сунъий ҳодисалар, ясама воқеалар, уятли гаплар, беўхшов масхарабозликлар билан кулдиришга ҳаракат қилинган лавҳаларни кузатиш мумкин.

Эллинизм даври шеъриятида, асосан, кичик ҳажмдаги адабий асарлар: эпиллия, элегия, эпиграмма ва идиллиялар авж олди. Катта шаҳарларнинг жонсарак шовқинсуронидан, иғво ва фитналаридан тинкаси қуриган инсон ҳаётнинг ғалваларидан бош олиб табиат қучоғига кетишни, оддий деҳқонлар, соддадил чўпонлар сингари осуда ҳаёт кечиришни орзу қилганлиги натижасида янги поэтик жанр — идиллия ва буколика, яъни чўпон поэзияси юзага келди.

Камимах (тахм. мил. ав. 310—240) давр адабиётининг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлиб, унинг 800 дан ортиқ илмий ва бадиий асарлари борлиги ҳақида маълумот етиб келган. «Жадваллар» номли библиографик асари 120 жилддан иборат бўлиб, бу тазкирасифат асарида ёзувчи ўзидан аввал ўтган олимлар ва ёзувчилар ҳақида қисқача маълумотларни жамлаган. Унинг эпиграммалари ҳам аниқ, ўткир ва қисқа ёзилган. Тўрт китобдан иборат ва элегия жанрида ёзилган «Сабаблар» достони мифологияга оид асардир. Каллимахнинг Аттис (Кичик Осиё халкдарида табиат худоси) ҳақидаги эпиллияси, маъбудлар (Зевс, Аполлон, Артемида)ни мақтовчи мадҳиялари ҳам бор. Достонлар ёзган Родослик Апполоний (тахм. 295—215) «Аргонавтика» достони билан бу жанрни давом эттирди. У бу асарида мифологик образларга кўпроқ эътибор берган. Кичик ҳажмдаги назмий асарлари билан танилган Феокритнинг (тахм. 300— 250) қаламига мансуб «Идиллиялар» тўпламида 30 шеър ва 25 эпиграмма мавжуд. Бу асарда шоир мазмун жиҳатдан рангбаранг асарлар яратган ва унда асосий ўринни сокин табиат қўйнидаги ҳаётни тасвирловчи асарлар — «буколика» (чўпонлар қўшиғи)лар эгаллаган.

Давр насрида фольклор анъаналари устунлик қилади. Шунга қарамай, инсоннинг руҳий дунёсини ва маиший ҳаётини тасвирлашда маълум ютуқларга эришилган. Бу эса кейинги юнон ва Рим назми ва романчилигига самарали таъсир кўрсатган.

Эллинизм даври қадимий Юнон ва қадимий Шарқнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муносабатларининг қўшилиш ва бирбирига таъсир кўрсатиш давридир, бу даврда маданият ва санъатда ҳам анъаналар қўшилиб борди, уйғунликда ривожланди. Давр руҳи ва хусусиятлари, айниқса, меъморлик ва монументал санъатда ўзининг ёрқин ифодасини топди. Ҳукмдорлар ўзларининг салтанатларини муҳташам бинолар, ажойиб санъат намуналари билан бойитишга ҳаракат қилди. Янги шаҳарлар пайдо бўлди (Пергам, Искандария каби), улар улуғворликда ва серҳашамлиликда Афинани ортда қолдирди. Шаҳарлар, иншоотлар ансамбль тарзида бунёд этилди, кўчалар, майдонлар, бинолар ҳайкалтарошлик асарлари билан безатилди, уйлар мозаика, деворий расм, ҳайкалтарошлик асарлари билан кўркамлаштирилди. Боғчорбоғ билан боғлиқ безак ҳайкалтарошлиги кенг тарқалди, янги иншоот турлари — кутубхона, мусейонлар пайдо бўлди [Александрия (Искандария) кутубхонаси, Александрия (Искандария) мусейони ва бошқалар], бунёд этилган ибодатхона, алтар, мемориал иншоот турларида Шарқ санъатининг кучли таъсири ўз аксини топди (Пергамдаги Зевс алтари ва бошқалар).

Эллинизм тасвирий санъатида юнон классикаси билан маҳаллий маданият элементларининг узвий қўшилиши кузатилади; санъат асарларида фуқаролик руҳи ўрнини ҳукмдорнинг ҳарбий ғалабаларини тараннум этиш, умумлашма образлар ўрнини ягона шахсни улуғловчи, унинг руҳиятини ифодаловчи асарлар яратиш эгаллайди, безакдорлик билан бирга воқеликни ҳаққоний акс эттириш кучаяди. Монументал ҳайкалтарошлик (улутвор бўртма композициялар яратиш) кенг тараққий этди (Зевс меҳробидаги фриз), ҳайкалтарошлик композициялари («Лаокоон ва унинг ўғиллари», «Фарнез буқаси» ва бошқалар) ва портретлари (кичик шакллар ҳайкалтарошлиги) да образларнинг ҳаётийлиги ортди («Ўзи ва қаллиғини ўлдираётган галл», «Ўлаётган галл», шунингдек, Танагра ҳайкалчалари). Рангтасвирда кўп шаклли комггозициялар тарқалди. Мисрда рассомлик ҳам ривожлангани, адабий манбаларда Апеллес, Антифил каби рассомлар самарали ижод қилгани тўғрисида маълумотлар бор. Эллинизмга хос умумий хусусиятлар ваза рассомлиги, глиптика, торевтика, бадиий шиша идишларда ҳам қузатилади.

Эллинизм нумизматика санъатида яққол кўзга ташланади. Марказий Осиёга бўртма тасвирли тангаларнинг кириб келиши салавкийлар сулоласи номи билан боғлиқ. Ўрта Осиёда ишланган тангаларда портретлар ташқи кўриниши билан бирга, шахснинг феълатворини ҳам ҳаққоний тасвирлаб, юнон бўртма тасвирларидан ўтиб кетди, «ўрта осиёча» мўъжаз портрет санъати ривожланди. Деметрий тасвири туширилган тангада унинг характери ва мавқеи фил шакли бўлган бош кийимда тасвирланади (бу унинг Ҳиндистонни забт этганига ишорадир). Эллинизм даврида Ўзбекистонда маҳобатли ҳайкаллар ҳам ишланганлиги маълум. Жумладан, Артемида Анахита сиймосида мужассамлашган. Унинг олтиндан ишланган ҳайкалларида бошида нур сочиб турган тожи бўлган, бундай ҳайкаллар Бақтриянинг бош ибодатхонасига ўрнатилган. Бундай нур таратиб турган тож Деметрий тангаларидаги бўртма тасвирларда ҳам учрайди.

Зардуштийлик динининг юнонларга таъсири қадим даврларда кучли бўлганидек, Эллинизм даврида ҳам бу таъсир сезиларли эди. Коммаген подшоҳи Антиохнинг (мил. ав.1-аср) тошга ўйилган ёзувида «Зевс» ва Орамазднинг осмон тахтлари» дейилган. Бу эса зардуштийлик маъбуди Аҳурамазда юнонларнинг бош худоси Зевс билан бир даражага қўйилганлигини биддиради. Эллинизм даврида, айниқса, зардуштийлик таълимоти катта роль ўйнади. Даставвал аҳдга содиқлик, кейинчалик ҳақиқат учун курашувчилар томонида жанг қилувчи уруш худоси, буюк ҳакам ва ниҳоят, ёруғлик худоси Митра эллинистик мамлакатларда кенг тарқалди. Бу маъбуд ҳиндларда «Митра», Авестода «Мисра», суғдларда «Мишра» дейилган: Авесто тилидаги «р» товуши суғд тилида «ш»га айланган, натижада «Мисша» шакли пайдо бўлиб, кейинчалик «Мисра» шаклини олган. Персополдаги қоятош ёзувида ҳам Митра «Мишра» шаклида берилган. қадимий юнон адабиётида Митра даставвал Геродот «Тарих»ининг 1-китобида тилга олинган.

Мил. ав. 4-асрдан Марказий Осиё халқлари тарихида янги давр бошланган. Ҳиндистондан Европагача, Европадан Мисргача бўлган ҳудудни ўз ичига олган эллинистик давлатларнинг иқгисодий, сиёсий, ижтимоий ҳаётида Марказий Осиё халклари ҳам иштирок этадилар. Шу тариқа, Эллинизм даври Шарқ ва юнон халқлари маданияти, адабиётларининг ўзаро бойиши жараёнининг олий чўққиси бўлди. Э. Александр босиб олган юртлардаги халқлар ҳаётининг турли соҳалари — иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоиймаданий ҳаётидаги катта ўзгаришларга олиб келиб, эллинистик маданиятнинг равнақ топиши ва кенг тарқалишига замин ҳозирлаган. Осиё ва Европанинг ҳамма минтақаларида Эллинизм бир текисда ривож топмаган. Аммо эллинистик давлатлар инқирозга учрагандан сўнг бир неча асрлар ўтгандан кейин ҳам эллинистик маданият санъат ва адабиётда давом этиб келган.

Ад,: Тара В., Эллинистическая цивилизация, М., 1949; Ранович А. Б., Эллинизм и его историческая роль, М., 1950; Тронский И. М., Историяантичной литературьг, М., 1983; Ал имухаммедов А., Антикадабиёттарихи, Т, 1975; Сулаймонова Ф., Шарқ ва Ғарб, Т, 1998; Ртвеладзе Э., Великий шелковьш путь, Т, 1999.

Мўминжон Сулаймонов, Отабек Жўрабоев, Неъмат Абдуллаев.

Loading...