ЭЛСАРИ — табиий паст бўйли нок нави. Р. Р. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий текшириш ин-тида Любимица Клаппа ва кузги Қизил нашвати навларини чатиштириб чиқарилган (С. К. Шарипов). Дарахти бал. 4—5 м, шохшаббаси кенглиги 3,5 м, ёғочи пишиқ. Дарахти тез ҳосилга киради, серҳосил. Меваси авг. нинг иккинчи ярмида пишиб етилади, вазни 250—300 г, шакли ноксимон, бир оз нотекис, пўсти юпқа, силлиқ, ранги оч сариқ, қуёшга қараган томони тўқ қизил. Эти сарғишоқ, серсув, шириннордон, оғизда эрийди, хушбўй. Янгилигида ейилади. Сақлашга ва ташишга чидамли.