ЭЛТАБАР — Турк хоқонлиги бошқарувидаги унвонлардан бири. Элтабар унвони тегиндан кейин турадиган 3даражали рутба бўлган. Турк хоқони Тун ябғу (618—630) Ши (Чоч)нинг шим. даги Цяньцюань (Мингбулоқ) мавзесига ўз қароргоҳини қурган ва ғарбий ўлкаларнинг маҳаллий ҳукмдорларига силифа (Э.) унвонини берган. Шим. Ҳиндистон ва Афғонистонда ҳукм сурган туркий сулолалар томонидан зарб қилинган бақтрий, паҳлавий ва браҳмий ёзувли (қоришиқ) тангаларда ҳам Элтабар унвони учрайди. Панжикентдаги Муғ тоғидан топилган 8-асрнинг илк чорагига тааллуқли суғдий ҳужжатлар — Деваштич архиви ҳужжатларида ҳам Элтабар унвони қайд этилган.