ЭМБРИОН

ЭМБРИОН (юн.) , пушт, муртак — дастлабки тараққиёт босқичидаги организм; тухумпарда ва пуштпарда ичида бўлади. Одатда, уруғланган тухумдан ривожланади, тухум ичидаги захира озиқ моддалар ёки она организмидаги озиқ моддалар билан озиқланади. Одам ва ҳайвонлар Э. ини эмбриология ўрганади.

Ўсимликлар муртаги янги индивид бошланғичидир. У муртак халтачасидаги тухумҳужайранинг уруғланишидан ёки нуцеллус ҳужайрасидан вужудга келган зиготадан ривожланади. Эмбрион ривожланишининг энг содда типи яшил сувўтлар (мас, спирогира)да учрайди. Бунда зигота спорофит иплар ҳосил қилмай, тўғридан тўғри мейозга ўтади. Мохсимонлар муртаги гаметофитда ўсади. Яланғоч уруғлилар муртагидаги эркин ядро (саговникларда 1024 тача) ҳужайра ҳосил бўлиши билан алмашинади. Кейинчалик шаклланган Эмбрионда новда, илдиз ва уруғпаллаларнинг ўсиш нуқтаси вужудга келади. Кўпчилик ёпиқ уруғлилар зиготаси икки — апикал (Э. бошланғичини беради) ва базал ҳужайрага бўлинади.

Эмбриогенез маълумотлари асосида эмбрионал типлар таснифи тузилган. Бундан ўсимликлар филогенияси ва эволюцияси тўғрисидаги масалаларни ҳал қилишда фойдаланилади.

Loading...