ЭМИГРАЦИЯ (лот. — кўчиб кетмоқ) — аҳолининг муайян мамлакатдан бошқа мамлакатга доимий ёки вақтинчалик яшаш учун (ихтиёрий ёки мажбурий) кўчиб кетиши. Эмиграция, асосан, кам ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга хос бўлиб, у ердаги ишсизлик ва бошқалар иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий ва миллий тенгсизлик, сиёсий, диний ва бошқалар таъқиблар туфайли содир бўлади. Эмиграция мамлакатлар аҳолисининг сони ва таркибига бевосита таъсир этади. Эмиграция тушунчаси учун ягона таъриф мавжуд эмас, ҳар бир давлатнинг ўз мезонлари бор. Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳар бир фуқаронинг хоҳлаган давлатни, жумладан, ўз мамлакатини ҳам тарк этиш ҳуқуқи (яъни Эмиграция ҳуқуқи) назарда тутилган. 19-асрнинг 70-й. ларига қадар Европа давлатларида Эмиграция жараёни кучли бўлган. 1940—60 йилларда Ирландия, 196070 йилларда эса Португалия ва Грецияда Эмиграция жараёни туфайли аҳоли сони кескин қисқарган. 1946—61 йилларда Европа давлатларидан Америкага 6,9 млн. эмигрант кетган. АҚШ, Канада ва Австралияга аҳолининг кўплаб кўчиб кетишига сабаб ишчи кучига бўлган талабдир. Ўзбекистонда ҳам баъзи тарихий даврларда маълум дапажада Эмиграция жараёни бўлиб турган. Бу жараён 20-асрнинг 90-й. ларида собиқ Иттифоқнинг парчаланиши туфайли бирмунча кучайди. Ўзбекистонда яшаб келаётган рус, украин, қримтатар, яҳудий каби миллатларнинг маълум қисми ўз тарихий ватанларига кўчиб кета бошлади. 1996 йилда Ўзбекистондан кетган мигрантлар сони 59,7 минг, 2002 йилда 86,5 минг кишини ташкил этган. Яна қ. Аҳоли миграцияси.