ЭМИНОВ Козим Иброҳимович

ЭМИНОВ Козим Иброҳимович (1928.24.5, Алушта, Қрим Республикаси — 1976.1.5, Тошкент) — ранг-тасвир устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1972). Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1953) ва Тошкент пед. институти (1968) ни тугатган. 1968 йилдан Тошкент пед. интининг Бадиий графика фтида дарс берган, 1975 йилдан доцент. Э. тарихий, маиший ва манзара жанрларида асарлар яратган; ҳис-туйғуларга бой романтик манзаралари билан танилган: «Баҳор суви», «Ёз», «Чимён этаклари», «Ангрен», «Цементчи аёллар» ва бошқалар Асарлари музейларда, шахсий тўпламлар ва галереяларда сақланади.