ЭМУЛЬСИЯ

ЭМУЛЬСИЯ [лот. — соғиб олинган (сут)] — бир-бири билан аралашмайдиган суюқ дисперсион муҳит ва суюқ (баъзан газ) дисперс фазадан иборат система. Ўзаро Эмульсия ҳосил қиладиган 2 суюқлик бирбирида жуда оз эрувчан бўлиши лозим. Мас, Эмульсия ҳосил қилувчи суюқликлардан бири сув, иккинчиси эса сувда оз эрийдиган ёки бутунлай эримайдиган бошқа бир суюқлик (мас, ёғ, бензол, хлороформ ва ҳ. к.) бўлиши мумкин. Сувда оз эрийдиган суюқлик шартли равишда «мой» («ёг») деб аталади.

Суюқликларнинг қайси бири дисперс фаза бўлишига қараб Эмульсия 2 турга бўлинади. Агар «мой» томчилари сув ичига тарқалган бўлса (яъни «мой» дисперс фаза бўлса), бундай Эмульсия мойнинг сувдаги Эмульсияси дейилади, аксинча,сув томчилари мой ичига тарқалган бўлса, бундай Эмульсия сувнинг мойдаги Эмульсияси деб аталади.

Эмульсия жумласига суюклик билан газдан ташкил топган дисперс система — кўпикни ҳам киритиш мумкин, чунки кўпиқда дисперсион муҳит газ билан суюқ ҳолатлаги чегара сирт орқали бирлашади. 2 соф суюқликни бир-бири билан аралаштириб, суюлтирилган (концентрацияси 2% дан ортиқ бўлмаган) Эмульсия ҳосил қилиш мумкин. Бундай Эмульсия бир оз вақт ўттанидан кейин ундаги дисперс фаза томчилари бир-бири билан бирлашиши туфайли 2 қаватга ажралади.

Эмульсия томчиларининг бир-бири билан бирлашиш ҳодисаси коалесценция деб аталади. Эмульсия олиш учун, биринчидан, Эмульсия таркибига кирувчи суюқликларни етарли даражада дисперс ҳолатга ўтказиш ва, иккинчидан, ҳосил бўлган дисперс системани барқарорлаштириш керак. Бунинг учун системага суюқликларнинг сирт таранглигини камайтирадиган, суюқликлар чегарасида мустаҳкам парда ҳосил қилиб, дисперс фаза томчиларининг бир-бири билан бирлашишига йўл қўймайдиган 3-модда — эмульгатор киритиш керак. Эмульсиянинг хоссалари ҳам, тури ҳам фақат 3 нарсага боғлиқ: I) дисперс фаза;

2) дисперсион муҳит ва

3) эмульгаторлар. Бу 3 модда орасидаги миқдорий ва сифат нисбатларининг ўзгариши Эмульсия хоссаларини ва унинг турини тубдан ўзгартиради.

Эмульсия хоссалари жиҳатидан 3 синфга бўлинади: суюлтирилган Эмульсия лар; концентрланган Эмульсия лар; юқори концентрацияли Эмульсия лар. Бир типдаги Эмульсиянинг иккинчи типдаги Эмульсияга ўтиш ҳодисаси Эмульсия фазаларининг алмашинуви дейилади. Механик таъсир натижасида ҳам Эмульсия фазаларини алмаштириш мумкин. Мас, қаймоқни қувлаб мой тайёрлашда мойсув типидаги Э. сувмой типидаги Э. га айланади.

Эмульсия техника ва биол. да, озиқ-овқат саноати ва бошқаларда катта аҳамиятга эга. Эмульсия ланиш (Э. нинг емирилиш) жараёнлари совун пишириш, нефть таркибидаги сувни йўқотиш, нефть солинадиган идишларни тозалаш, сариёғ ва маргарин ишлаб чиқариш, табиий каучукни қайта ишлаш, керакли суюқликдаги сурков мойлари тайёрлаш ва бошқаларда кенг қўлланади.

Loading...